Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.05.2018 12:54 Чоп этиш версияси

Секторлар : муаммо ва ечим

Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ жойларда ташкил этилган комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятидан аҳоли мамнун.

Андижон вилоятида ҳоким, прокурор, ички ишлар ва солиқ идоралари раҳбарлари бошчилигида фаолият юритаётган тўрт сектор томонидан ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Туман ва шаҳарларда аниқланган, вилоят даражасида ҳал этиладиган муаммолар бартараф этилиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилган.

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Ш.Собиров раҳбарлигидаги ишчи гуруҳлар томонидан маҳалла фуқаролари йиғинлари, таълим муассасаларида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари, аҳоли хонадонларида ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган тарғибот-тушунтириш ишлари, профилактик тадбирлар олиб борилмоқда. Якка-ёлғиз кексалар, ногиронлар, спиртли ичимлик ичишга ружу қўйганлар, муқаддам судланганлар, шаърий никоҳ асосида яшовчилар, низоли оилалар, профилактик ҳисобда турувчи шахслар рўйхати шакллантирилиб, улар билан бевосита ишлаш тизими жорий этилган.

Қатор маҳаллаларда ички йўлларга шағал ётқизилди, асфальтланди. Ижтимоий муҳофазага муҳтож, кам таъминланган оилаларга, шунингдек, хонадонида тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқароларга имтиёзли кредит олишга ёрдам кўрсатилмоқда.

Ўрганиш, профилактик тадбирлар давомида кам таъминланган, оиласида ногирон фуқаро бўлган хонадонларга моддий ва маънавий кўмак берилмоқда. Масалан, ўтган ҳафтада Андижон шаҳридаги Бунёдкор маҳалласида истиқомат қилувчи, яшаш шароити оғир бўлган Ўктамжон Рўзиевнинг уйи таъмирлаб берилди. Асака туманидаги Чек маҳалласи ҳудудидаги қабристон ободонлаштирилиб, зиёратчиларга қулай шароитлар яратилди.

Секторлар доирасида олиб борилаётган бундай ишлар изчил ва тизимли равишда давом эттирилмоқда.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
9 314