Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.12.2017 20:37 Чоп этиш версияси

Халқ депутатлари вилоят кенгашининг видеоселектор шаклидаги қўшма мажлиси бўлиб ўтди

Термизда Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш республика комиссияси ҳамда Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг видеоселектор шаклидаги қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш республика комиссияси аъзолари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ва масъул ходимлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, прокурорлар, ички ишлар бўлими, давлат солиқ инспекцияси бошлиқлари, маҳаллий давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди. Шаҳар ва туманлар студияларида шаҳар, туман ҳокимларининг ўринбосарлари, прокуратура, ички ишлар идоралари ходимлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, таълим, тиббиёт муассасалари раҳбарлари, алоқадор бошқа ташкилот, корхона ва муассасалар вакиллари қатнашди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 15 ноябрда мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида туманларда ташкил этилган секторлар фаолияти таҳлил қилиниб, бундан буён ҳар бир сектор раҳбари жиноятчиликнинг ҳолати учун шахсан жавоб бериши таъкидланган эди. Сектор раҳбарларининг ушбу масалада масъулиятини янада ошириш мақсадида Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш республика комиссиясини тузиш, унинг таркибига “Маҳалла”, “Нуроний” жамғармалари, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси, Касаба уюшмалари федерацияси, Маънавият ва маърифат маркази раҳбарларини ҳам киритиш ва фаолиятини Олий Мажлис Сенати томонидан мувофиқлаштириш вазифаси топширилган эди. Мазкур комиссия томонидан ташкил этилган Ишчи гуруҳ аъзолари Сурхондарёда бўлиб, йилнинг ўтган ўн ойида вилоятда жиноятларга қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида амалга оширилган ишларни атрофлича ўрганди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов олиб борган мажлисда Ишчи гуруҳи аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Б.Деҳқоновнинг ахбороти ва вилоятдаги мавжуд ҳолат юзасидан тўртта сектор раҳбарларининг ҳисоботи тингланди ва муҳокама этилиб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

Қўшма мажлисда Президентимиз ташаббуси билан ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш юзасидан кўрилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар халқимизнинг осойишта ва фаровон ҳаётини таъминлаш, ҳуқуқий маданиятини оширишда юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди.

Ўрганишлар натижасига кўра, вилоятда жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида ички ишлар, давлат ва нодавлат идоралари томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар туфайли умумий жиноятлар 21,4 фоизга камайган. Жиноят-қидирув йўналишидаги жиноятлар 18,4, оғир ва ўта оғир жиноятлар 10,1, босқинчилик 46,2, қасддан одам ўлдириш 12, фирибгарлик 17,1, ўғирлик 10,5, безорилик 43,2, қонунга хилоф равишда қурол сақлаш 77,8, қасддан баданга ўртача оғир тан жароҳати етказиш 25,6, қасддан баданга енгил тан жароҳати етказиш 29, ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш 12,5 фоизга камайган. Шунингдек, гуруҳлар томонидан жиноятлар содир этилиши 37,1, аёллар жинояти 29,9, вояга етмаганлар жинояти 7,9, маст ҳолатдаги жиноятлар 21,4, муқаддам судланганлар томонидан содир этилган жиноятлар 9,7, ёшлар жинояти 20,9, ишламайдиганлар жинояти 24,9 фоизга камайишига эришилган.

Бироқ соҳада қатор камчиликларга йўл қўйилиб, мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаган. Жумладан, содир этилган ҳар бир жиноятни қисқа муддатда кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда муҳокама қилиш, профилактика инспекторлари томонидан маҳаллага кунлик маълумот тақдим этиш, бошқа ҳудуддан келиб жиноят содир этган шахсларнинг яшаш жойига хабарнома юбориш, ойлик ҳисобот эшитиш амалиёти тизимли йўлга қўйилмаган. Оқибатда вилоятдаги маҳаллаларнинг 81,4 фоизи ёки 584 тасида турли даражадаги жиноятлар содир этилган. Вилоятда умумий жиноятлар камайган бўлса-да, оғир тан жароҳати етказиш, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари, талончилик, вояга етмаган шахсни жиноятга жалб этиш, номусга тегиш, товламачилик ҳамда транспорт воситасини олиб қочиш жиноятлари сони ўсган. Ёки вилоят бўйича вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар камайган бир пайтда Деновда 7,7, Қумқўрғонда 50, Ангор, Узун, Шўрчи ва Қизириқ туманларида 200 фоиз ошган. Гуруҳлар томонидан жиноятлар содир этиш Қумқўрғонда 100, Қизириқ туманида 200 фоиз ўсган. Маст ҳолатда жиноятлар содир этилиши Деновда 50, Ангор, Узун ва Шўрчи туманларида 100 фоиз, муқаддам судланганлар томонидан жиноятлар содир этилиши Узунда 11,8, Музработда 66,7, Бойсунда 70, Шўрчида 76, Қизириқда 600 фоиз ошган.

Ишчи гуруҳ аъзолари вилоятда шахсларни профилактик ҳисобга олиш, улар билан ишлаш борасида ҳам жиддий камчиликларга йўл қўйилганини аниқлаган. Илгари судланганлардан қонун таъсирига тушувчиларнинг 77 фоизи устидан маъмурий назорат ўрнатилмаган.

Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича ишлар тизимли равишда йўлга қўйилмагани оқибатида нохуш ҳодисалар содир этилган.

Содир этилган умумий жиноятларнинг 242 таси ёки 21,1 фоизи, жиноят-қидирув йўналишидаги жиноятларнинг 234 таси ёки 23,2 фоизи фош этилмаган. Жиноят-қидирув йўналишида фош этилмаган жиноятларнинг 84,6 фоизи ёки 198 таси ўғрилик жиноятидир.

Ўрганишлар жараёнида ички ишлар органлари томонидан маҳаллаларга киритилган тақдимномаларда жиноятлар сабаби ва уларнинг содир этилишига имкон берган шароит ва омиллар аниқланмагани, тақдимномалар номигагина, сифатсиз тайёрлангани, уларни муҳокама қилиш амалиёти талабга жавоб бермаслиги аниқланган.

Жиноятларга қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этишда ички ишлар идоралари ҳамда бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик яхши йўлга қўйилмаган. Таълим тизимида ҳам жиноятларга қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги ишлар талабга жавоб бермайди. Вояга етмаганлар ўртасида Термиз шаҳри, Олтинсой, Музработ, Шўрчи ва Узун туманларида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари юз берган. Касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларини таълимга тўлиқ қамраб олишда масъулиятсизлик ва лоқайдликка йўл қўйилган. Натижада 897 нафар коллеж ўқувчиси таълимдан бўйин товлаб, ишлаш учун чет давлатларга чиқиб кетган. Уларнинг аксарияти Термиз шаҳри, Жарқўрғон, Шеробод, Бойсун ва Музработ туманларига тўғри келади.

Бандлик идоралари ва маҳаллалар ўртасида ҳамкорлик ўрнатилмагани оқибатида кам таъминланган оилаларнинг 15 мингдан ортиқ меҳнатга лаёқатли аъзоси бандлиги таъминланмаган. Узоқ муддатга чиқиб кетган 86 минг 268 нафар шахснинг 47 фоизи яшаш манзилига қайтиб келмаган. Қайтиб келганларнинг 21,8 фоизи тиббий кўрикдан ўтказилмаган, 28,8 фоизининг бандлиги таъминланмаган.

Гиёҳвандлик ва сурункали алькоголизмга чалинган шахсларни даволаш, жойларда “Жамоатчилик назорати” масканларини барпо этиш ишлари ҳам талабга жавоб бермайди.

Термиз шаҳри ва туманларда жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш бўйича “Йўл харитаси”ни тузиш ишлари ҳам талаб даражасида эмас. Шаҳар ва туман хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи ва бошқа ташкилотлар томонидан амалга оширилган ишлар самара бермаган. “Оила”, бандлик марказлари, маҳалла, профилактика инспекторининг ҳамкорлиги зарур даражада йўлга қўйилмагани оқибатида аёллар томонидан жиноятлар содир этилишининг олди олинмаган.

Қўшма мажлисда кўрилган масалалар юзасидан йўл қўйилган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари О.Муродов, Р.Комилов, Қ.Қуронбоев, Бош вазир ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева иштирок этди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
1 346






Все о погоде - Pogoda.uz