Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.06.2018 14:27 Чоп этиш версияси

Секторлар фаолиятига кўмаклашишга хизмат қилаётган махсус тадбир давом этмоқда

Сурхондарё вилоятида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга қаратилган махсус тадбир ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ва Миллий гвардия қўмондони томонидан имзоланган режага мувофиқ ўтказилаётган тадбир криминоген вазияти оғир шаҳар ва туманлардаги тезкор вазиятни барқарорлаштириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда фуқароларнинг муаммоларини ўрганиб, уларнинг яшаш шароитини тубдан оширишга қаратилган.

Мазкур тадбирни ҳар бир сектор кесимида сифатли ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг вилоятдаги ҳарбий қисми, вилоят ички ишлар бошқармаси, вилоят прокуратураси, вилоят ҳокимлиги ва вилоят давлат солиқ бошқармаси билан ҳамкорликда қўшма қарор қабул қилинди. Унга мувофиқ, мазкур тадбир Жарқўрғон туманидан бошланиб, ҳудудда мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун барча маҳаллаларнинг “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизматидан хабар қилинишича, туманда амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштириш ва зарур чора-тадбирлар белгилаш мақсадида ташкил этилган тезкор штаб қошида ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилган. Тадбирга тумандаги тўртта сектор раҳбарлари ва уларга бириктирилган ички ишлар ходимлари, миллий гвардия хизматчилари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари жалб этилган. Айни пайтда 9 йўналишда ташкил этилган ишчи гуруҳлар ҳар бир секторда ўзига бириктирилган вазифаларни амалга ошириб, жойларда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш ва аҳолининг ижтимоий ҳаётини ўрганишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Аниқланаётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш чоралари кўрилаётир. Солиқ ва коммунал тўловлар таҳлил қилиниб, муқаддам жиноят содир этган шахслар ҳамда ҳуқуқбузарликка мойил фуқаролар билан профилактик суҳбатлар ўтказилмоқда. Маҳаллалардаги жамоатчилик масканларида узлуксиз тунги навбатчилик ташкил этилган. Аҳоли бандлиги ҳам эътиборда.

Тезкор штабдан олинган маълумотларга кўра, махсус тадбирнинг дастлабки икки кунида тумандаги секторларда бирорта ҳам жиноят содир этилмаган. 18 ижтимоий-иқтисодий муаммо, 44 маъмурий-ҳуқуқбузарлик ҳамда 30 нафар уюшмаган ёшлар борлиги аниқланди. 17 оиладаги нотинчликка чек қўйилди. Ўзгалар кўмагига муҳтож 3 нафар шахсга зарур ёрдам кўрсатилди. 12 киши ишга жойлаштирилиб, 48 шахс билан профилактик суҳбат ўтказилди. 23 муаммоли оила ўрганилиб, тегишли чоралар белгиланди. Тиббий хизмат кўрсатиш, узоқ муддатга хорижга кетган шахслар оилаларидаги муаммоларни бартараф этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳудуддаги тинчлик, осойишталик ва аҳолининг фаровон турмушини таъминлашда секторлар фаолиятига кўмаклашишга хизмат қилаётган махсус тадбир давом этмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
5 753