ЎзА Ўзбек

06.06.2018 16:31 Чоп этиш версияси

Секторлар фаолиятидан навоийликлар мамнунми?

Мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш, халқ фаровонлигини янада юксалтириш борасида амалиётга жорий этилган янги тизимга мувофиқ жойларда ташкил этилган секторлар фаолиятидан аҳоли мамнун.

Буни Навоий вилояти Учқудуқ тумани прокурори раҳбарлигидаги иккинчи сектор томонидан амалга оширилаётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Сектор тумандаги “Кўкаяз”, “Боздун” овул фуқаролар йиғини, “Кокпатас”, "Алишер Навоий", "Абай" маҳалла фуқаролар йиғинларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш, турмуш даражасини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Ҳудудда 14 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. 2 касб-ҳунар коллежида 1 минг 228 нафар, 5 умумтаълим мактабида 2 минг 565 нафар ўқувчи, 5 мактабгача таълим муассасасида 1 минг 41 нафар тарбияланувчи замонавий шароитларда таълим-тарбия олмоқда. Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, саломатлигини мустаҳкамлашга 3 қишлоқ врачлик пункти масъул.

Халқ билан мулоқот қилишнинг сифат жиҳатдан янги ва самарали механизми жорий этилгани ҳудуддаги ҳар бир маҳалла ва овул фуқаролар йиғинида ишлаб чиқилаётган "йўл харитаси"ни танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик тамойили асосида амалга ошириш имконини бермоқда.

“Боздун” овул фуқаролар йиғинининг Жузқудуқ овулида 36 аҳоли хонадони ва ёрдамчи хўжаликлари фасад қисми таъмирланди, 1,5 километрлик ички йўлга асфальт ётқизилди. Пиёда йўлаклари барпо этилди. Кўчаларга тунги чироқлар ўрнатилиб, овул атрофи тозаланди. 350 дан ортиқ манзарали дарахт ва гул кўчатлари ўтқазилди. Мазкур фуқаролар йиғинига қарашли Кунтай овулида 20 уйнинг ташқи қисми, 600 метр ички йўл таъмирдан чиқарилди.

Боздун, Кўкаяз овуллари ҳудудида антенналар ўрнатилиб, олис ҳудудлар аҳолисига Ўзбекистон телеканалларини кўриш имконияти яратилди, “Uzmobile” телефон алоқа тармоғи ўтказилди.

Президентимизнинг 2017 йил 25 апрелдаги “Навоий вилоятининг олис чўл туманлари аҳолиси турмуш даражасини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори учқудуқликларни бениҳоя хурсанд қилди. Мазкур қарор асосида овулда бўш турган 4 турар жой биноси 180 миллион сўм эвазига замонавий кўриниш касб этди. Замонавий уй-рўзғор буюмлари билан жиҳозланиб, овулга ихтиёрий равишда кўчиб келган мутахассислар оилаларига текин берилди.

Секторга қарашли ҳудудлар аҳолиси хонадонларининг барчаси суюлтирилган газ баллони билан таъминланган. Ўрнатилган қатъий жадвал асосида бўшаган газ баллонлари тўлдирилганига алмаштириб берилади.

Шаҳар марказидаги "Алишер Навоий" ва "Абай" маҳалла фуқаролар йиғинидаги 4 кўча, 85 та кўп қаватли уй атрофи ҳамда 42 савдо нуқтасида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилаётир. Махсус тайёрланган майдонларга гул кўчатлари экилмоқда, кўп қаватли уйларнинг 320 кириш йўлаги ва 49 чордоқ қайта таъмирдан чиқарилди. 22 та кўп қаватли уйнинг ташқи қисмида пардозлаш ишлари олиб борилиб, 18 уйнинг ертўласи таъмирланди.

Бундан ташқари, 18 кўп қаватли уйнинг иситиш тизими иссиқлик сақловчи қоплама билан ўралди, янги полиэтилен қувурга алмаштирилди. 4 уйнинг том қисмида капитал таъмирлаш ишлари бажарилди.

Дарҳақиқат, атрoф-муҳит тозалигини таъминлаш, уни aсрaш вa oқилoнa фoйдaлaниш бугунги куннинг муҳим мaсaлaларидан биридир. Хусусан, иккинчи сектор мутасаддилари томонидан ҳам ҳудудлардаги чиқинди йиғиш майдончалари атрофини ўраш, ёпиш ишларига долзарб масала сифатида қаралмоқда. Мавжуд 39 чиқинди ташланадиган майдончадан 27 тасининг атрофи девор билан ўралиб, тозалик-санитария талабларига мослаштирилди. Жорий йилда 25 намунавий лойиҳа асосида махсус чиқинди йиғиш майдончаси қуриш режалаштирилган бўлиб, 6 тасида қурилиш ишлари поёнига етказилмоқда.

Ҳудудда аҳолини иш билан таъминлаш ҳам доимий эътиборда. Масалан, жорий йилнинг ўтган даврида 100 га яқин фуқаро иш билан таъминланди. Уларнинг 24 нафари фуқаролар йиғинлари қошидаги жамоатчилик ишларига жалб қилинган бўлса, қолганлари эгаллаган мутахассислиги бўйича муқим иш ўрнига эга бўлди.

– Мутахассислигим бўйича тарбиячиман, – дейди Кўкаяз овулида яшовчи З.Намозова. – Туман прокурори билан мулоқот чоғида иш излаётганимни айтган эдим. Шу ернинг ўзида ҳудуд сектори раҳбари кўмагида мактабгача таълим муассасасига ишга жойлашишга муваффақ бўлдим. Овулда ўз мутахассислигим бўйича меҳнат қилиш учун етарли шароит яратиб берилганидан мамнунман.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
10 902