ЎзА Ўзбек

01.02.2018 20:02 Чоп этиш версияси

Сайёр суд мажлиси маҳаллада бўлиб ўтди

Сайёр суд мажлиси маҳаллада бўлиб ўтди Жиноят ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни муносабати билан Фарғона вилоятида ҳам турли тадбирлар ўтказилмоқда. Аҳоли ўртасида кенг кўламли тушунтириш ишлари олиб борилиб, илгари очилмай қолган жиноятлар фош қилинмоқда. Айбдорлар иши бевосита одамлар кўз ўнгида сайёр суд мажлисларида кўрилаётир.

– Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш жараёнида қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш энг муҳим вазифалардандир, – дейди Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди раиси Мансуржон Иброҳимов. – Судни адолат қўрғонига айлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси судьяларининг мамлакат халқига мурожаати қабул қилинди. Унда, жумладан, “Судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантиришда бор билим ва тажрибамизни сафарбар этамиз. Судга борган ҳар бир фуқаро фақат адолат топишига кафолат берамиз”, дейилади. Бунга эришиш осон эмас, албатта. Бунинг учун онгимизда – адолат, тилимизда – ҳақиқат, дилимизда эса поклик устувор бўлиши талаб этилади.

Судьялар томонидан аҳоли билан очиқ мулоқотлар ташкил этилаётгани, маҳалла, корхона ва ташкилотларда сайёр суд мажлислари ўтказиш йўлга қўйилгани тизимнинг очиқлигини таъминлаш билан бирга, аҳолининг суд тизимига, адолатга, давлатга ишончини оширишга хизмат қилмоқда. Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди томонидан 2017 йилда 1 минг 331 маъмурий ва жиноят ишлари сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.

Марғилон шаҳар Увайсий номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида А.Асқаровнинг жиноят иши кўрилди. Мазкур маҳаллада яшовчи А.Асқаров ўзининг яшаш хонадонида “дўстлари” билан ўртага пул тикиб, қимор ўйинини ташкил қилган. Қонунга хилоф равишдаги бу ҳолат ички ишлар бўлими ходимлари томонидан фош этилди.

Кенг жамоатчилик иштирокидаги сайёр судда Асад Асқаровнинг ана шу қилмишлари атрофлича кўриб чиқилди. Албатта, жиноятга жазо муқаррар. Суд мажлисида судланувчининг чин дилдан пушаймонлиги, оилавий шароити ва маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кафолат хати инобатга олинди. Унга уч йил озодликни чеклаш билан боғлиқ жазо тайинланди. Бу А.Асқаров учун бир имконият. Агар у бундан тўғри хулоса чиқариб, маҳалла учун меҳнат қилса, бирор ишнинг этагини тутса, ишончни оқлайди.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
24 271