ЎзА Ўзбек

25.09.2019 Чоп этиш версияси

Сайёр профилактика автобуси сафарга чиқди

Сайёр профилактика автобуси сафарга чиқди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда илғор иш усуллари ва замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланилаётир. Яқинда шу усулда “Сайёр профилактика автобуси” фаолияти йўлга қўйилди.

Ҳуқуқий-психологик ёрдам кўрсатиш ва реабилитация қилишни кучайтириш мақсадида ташкил этилган “Сайёр профилактик автобуси” компьютер, телевизор, ҳуқуқий адабиётлар, кондиционер билан жиҳозланиб, қулай иш шароити яратилган. Автобусда ички ишлар органлари, фуқаролик суди, адлия бошқармаси, хотин-қизлар қўмитаси, диний идора, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вакиллари ҳамда психолог бўлган гуруҳ жойларга чиқиб, аҳолига руҳий ва ҳуқуқий кўмак кўрсатмоқда.

Автобусни тегишли тартибда жиҳозлаш, психологик ва ҳуқуқий кўмак кўрсатувчи мутахассислар билан таъминлаш вилоят ҳокимлиги томонидан амалга оширилди.

Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда профилактика ишларини кучайтириш мақсадида ташкил этилган сайёр автобус, аввало, криминоген вазият мураккаб бўлган ҳудудларга йўналтирилмоқда.

Сайёр автобуснинг дастлабки сафари Шароф Рашидов туманининг Хайробод маҳалласига уюштирилди. Мулоқотлар давомида оилавий келишмовчиликлар, қўшнилар ўртасидаги низолар билан биргаликда ҳудуд аҳолисини қийнаётган бир қатор муаммолар кўтарилди. Уларнинг асосий қисми мутахассислар томонидан жойига чиқиб ўрганилди.

Вилоятда ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда, содир этилганларини тезкорлик билан очишда илғор услуб ва технологиялардан фойдаланилиш яхши самара бермоқда. Буни жорий йилнинг саккиз ойида жиноятлар сони 2018 йилнинг шу даврига нисбатан бир неча фоизга камайганида ҳам кўриш мумкин.

2 585
Т.БЕКНАЗАРОВ, ЎзА