ЎзА Ўзбек

31.07.2018 18:50 Чоп этиш версияси

Сайёр қабулда қандай масалалар кўтарилди?

Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Б.Пўлатов Узун тумани Оқмачит қишлоғида туманнинг олис ва тоғли ҳудудлари аҳолиси учун сайёр қабул ўтказди.

14 мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётган "Оқмачит", "Толтуғай", "Боботоғ" ва "Янгиобод" маҳаллалари фуқаролари учун ташкил этилган қабулда мамлакатимизда одамларнинг бугунги кундан рози бўлиб яшашида давлат бошқаруви идораларининг халқ ичига кириб, ютуқ ва муаммоларини тинглаётгани, қувончу ташвишига шерик бўлаётгани кўплаб масалаларнинг жойида ечим топишида муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Сайёр қабулга вилоят ва туман ҳокимлиги мутасаддилари, 100 дан ортиқ муассаса, корхона ва ташкилот раҳбарлари, тумандаги секторлар ва Халқ қабулхонаси вакиллари жалб этилди.

Очиқ мулоқотда ҳудудда одамлар дуч келаётган турли муаммолар, талаб ва таклифлар тингланди. Тоғли ва чекка Боботоғ массиви аҳолиси тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, кредит ажратиш, таълим, тиббиёт соҳаларида юзага келаётган муҳим масалалар, ички йўлларни таъмирлаш, газ ва ичимлик суви таъминоти каби муаммоларни ўртага ташлади. Жумладан, тадбиркор Фаррух Ғуломов ҳудудда замонавий истироҳат боғи барпо этиш учун ер ажратишда амалий ёрдам сўради.

– Чекка ҳудуддаги тоғли массивимиз йилдан-йилга чирой очмоқда, – дейди Ф.Ғуломов. – Бундан ҳақли равишда фахрланамиз. Лекин, одамларнинг ишдан бўш вақтларда оиласи билан мазмунли ҳордиқ чиқариши учун истироҳат боғи йўқ. Ёзнинг иссиқ кунлари кечки пайт фарзандлар билан туман марказидаги турли аттракционлар ўрнатилган боғга бориб келишнинг ўзи бўлмайди. Қолаверса, бунга ҳамманинг ҳам имконияти етмайди. Шу боис бу ерда замонавий истироҳат боғи қуришни мақсад қилдим. Бунинг учун ер ажратилишида амалий кўмак сўрадим. Мутасаддилар икки кун ичида ер ажратилишини ваъда қилишди. Мурожаатим жойида ҳал этилганидан хурсандман.

Шу куни аксарият мурожаатларга ечим топилди. Муддат талаб этиладиган мурожаатлар учун масъуллар бириктирилиб, ижросини таъминлаш вазифаси юкланди. Бу масалаларнинг ўз вақтида ижобий ҳал этилиши вилоят ҳокимлиги назоратига олинди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
2 576