Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.09.2017 17:37 Чоп этиш версияси

Сайёр қабулда 95 фуқаронинг мурожаати тингланди

Мамлакатимизда халқ билан мулоқотнинг таъсирчан ва самарали усули йўлга қўйилгани инсон манфаатларини таъминлаш, фуқаролар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда юксак самаралар бераётир. Айниқса, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар вакиллари иштирокида жойларда ташкил этилаётган сайёр қабулларда одамларни қийнаётган муаммолар ҳал этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари масъул ходимлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида ўтказилган сайёр қабулда ҳам бу яққол намоён бўлди.

Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ташкил этилган қабулда Тўрткўл, Беруний ва Элликқалъа туманларидан фуқаролар иштирок этди.

Сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур туманлардаги Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар тингланди. Мурожаатлар асосан соғлиқни сақлаш, суд, прокуратура, ички ишлар идоралари фаолиятига оид бўлиб, аксарияти шу ернинг ўзида ҳал этилди.

– Болаликдан ногирон ўғлим Янгибой учун аравача олиш мақсадида турли идораларга бош суқдим, лекин натижа бўлмаётган эди, – дейди Тўрткўл тумани “Ўзбекистон” овул фуқаролар йиғинида яшовчи Қутлибика Жабборбергенова. – Президентимизнинг Халқ қабулхонасига мурожаат қилган эдик, мана бугун шу ернинг ўзида ногиронлар аравачаси олдик. Бунинг учун давлатимиздан миннатдормиз.

Турмуш ўртоғи 3 йил аввал ногирон бўлиб қолгач, фарзандлар тарбияси ва рўзғор ташвишларини ёлғиз ўзи амаллаб келаётган Қизилгул Дўсимбетова Элликқалъа тумани “Ақчакўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшайди. Унинг моддий ёрдам сўраб қилган мурожаати ижобий ечим топди, унга соғин сигир совға қилинди.

– Фарзандларимнинг соғлом униб-ўсиши учун дастурхонимизда ҳар куни сут-қатиқ бўладиган бўлди, – дейди Қизилгул опа хурсандлигини яширолмай. – Бундай ғамхўрликлар учун саховатпеша инсонларга миннатдорлик билдирамиз.

Сайёр қабулда 95 фуқаронинг мурожаати тингланиб, уларнинг аксарияти шу ернинг ўзида ҳал этилди.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
3 758






Все о погоде - Pogoda.uz