Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.09.2017 18:10 Чоп этиш версияси

Сайёр қабулда 21 мурожаат ўрганилиб, аксариятига жойида ечим топилди

Тошкент вилояти Бекобод шаҳридаги “Металлург” маҳалла фуқаролар йиғинида “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ташкил этилган очиқ мулоқот ва сайёр қабулда 21 мурожаат ўрганилиб, аксариятига жойида ечим топилди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши вакиллари, халқ депутатлари вилоят ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, шаҳар ҳокимлиги масъуллари ҳамкорлигида ўтказилган сайёр қабулда асосан бандлик, янги иш ўринлари яратиш, турар-жой, коммунал хизмат масалалари, таълим ва тиббиёт тизимига оид мурожаатлар муҳокама қилинди.

– Маҳалламизда ёшлар учун бирорта тўгарак ёки кутубхона йўқ, – дейди ушбу маҳаллада яшовчи Тожихон Бобоназарова. – Бугунги сайёр қабулда фарзандларимиз дарсдан сўнг вақтини мазмунли ўтказиши учун маҳалла гузарида кутубхона ва турли тўгараклар ташкил этилишини сўраб мурожаат қилдик. Тегишли ташкилотлар мутасаддилари томонидан бу масалага ечим топиладиган бўлди.

Фуқаро Шарифжон Шокировнинг фарзандини иш билан таъминлаш бўйича қилган мурожаати ҳам ижобий ҳал этилиб, оиласига моддий ёрдам кўрсатилди.

– Сайёр қабулларда фуқароларимиз фақат ўз дарду ташвиши билан мурожаат этмасдан, балки кўпчиликнинг муаммоларини кўтариб чиқаётгани уларда юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси юксалаётганидан далолатдир, – дейди партия вилоят кенгаши раиси М.Назаров. – Аҳоли билан бу каби очиқ мулоқот орқали уларга янада яқин бўлишга ҳарақат қилмоқдамиз, қийнаётган муаммоларини ўрганиш асносида келгусида нималарга аҳамият бериш лозимлиги ҳақида кўп нарсаларни билиб олмоқдамиз.

Тадбирда маҳалла фаровонлигини таъминлашда барча фаол бўлиши, тўй маросимларидаги исрофгарчиликни камайтириш, эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш бўйича фикр алмашилди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
2 559






Все о погоде - Pogoda.uz