Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.12.2017 13:43 Чоп этиш версияси

Сайёр қабулда 10 дан зиёд мурожаат ўрганилиб, аксарияти жойида ҳал этилди

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Маърифат” маҳалла фуқаролар йиғинида “Конституция – тинч ва фаровон ҳаётимизнинг ҳуқуқий асоси” шиори остида ташкил этилган сайёр қабулда 10 дан зиёд мурожаат ўрганилиб, аксарияти жойида ҳал этилди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши томонидан Бош қомусимизнинг 25 йиллигига бағишлаб ташкил этилган сайёр қабулда халқ депутатлари вилоят ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, туман ҳокимлиги масъуллари ҳамда партия фаоллари ҳудудда янги иш ўринлари яратиш, коммунал хизмат, ички йўлларни таъмирлаш, электр ва газ таъминотига оид мурожаатларни ўрганди.

– Маҳалламиз кўчаларининг баъзи жойларини қайта асфальтлаш ва қўшимча тунги ёритгичлар ўрнатиш зарур, – дейди Маърифат маҳалласида яшовчи Мурод Ашурбоев. – Қиш мавсумида аҳолининг туман марказига, болаларимизнинг мактабга қатнаши анча қийинлашади. Бугунги сайёр қабулда ушбу муаммо юзасидан қилган мурожаатимиз қисқа муддатда бартараф этиладиган бўлди.

Сайёр қабул давомида ичимлик суви ва газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар тегишли ташкилот раҳбарлари ва мутасаддилар иштирокида ижобий ҳал этилди.

– Партиямиз вакиллари вилоятнинг чекка ҳудудларида бўлиб, аҳоли муаммоларини ўрганмоқда, уларга жойида ечим топилишига кўмаклашмоқда, – дейди партия вилоят кенгаши етакчи мутахассиси Баҳодир Солиҳов. – Айниқса, Ангрен, Бекобод шаҳарлари ва туманлардаги маҳаллаларда ўтказилган сайёр қабулларда фуқаролардан тадбиркорлик, бандлик, шунингдек, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масалалари бўйича тушган 100 га яқин мурожаат депутатлар, мутахассислар иштирокида кўриб чиқилди. Тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юборилиб, ижроси қатъий назоратга олинди.

Тадбирда аҳоли фаровонлигини янада ошириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг, оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича фикр алмашилди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
4 192