Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.09.2017 18:56 Чоп этиш версияси

Сайёр қабул: муаммо, ечим ва самара

Сайёр қабул: муаммо, ечим ва самара Сурхондарё вилоятида жорий йилнинг 11-13 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари, турли вазирлик, муассаса ва идоралар, маҳаллий ҳокимлик, давлат ва жамоат ташкилотларининг раҳбарлари иштирокида сайёр қабуллар ўтказилди.

Сурхондарё вилоятидан шу йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига юборилган мурожаатларнинг 14 минг 930 таси вилоятда ўз ечимини топган. Ҳал этилиши вақт талаб этадиган 527 мурожаат ўрганиб чиқилмоқда. Президентимизнинг вилоятдаги Халқ қабулхоналарига фуқаролар ва хўжалик юритувчи субъектлардан 17 минг 248 ариза, 14 минг 19 шикоят ва 98 таклиф келиб тушган. Уларнинг 11 минг 154 таси қаноатлантирилиб, 1 минг 470 таси рад этилган. 14 минг 574 тасига тушунтириш берилиб, 4 минг 167 таси тегишли тартибда ўрганиб чиқилмоқда.

Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар таҳлилига кўра, уй-жой ва ер участкаси ажратиш, газ, электр энергияси ва сув таъминоти, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги муаммолар кўпроқ зикр этилган. Бу масалаларни ҳал этиш учун вилоятда аниқ чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Жумладан, шаҳар ва туманлар ҳокимлари ўринбосарлари, хотин-қизлар қўмитаси раислари раҳбарлигида тузилган ишчи комиссиялар томонидан томорқага муҳтож ва кам таъминланган оилалар аҳволи ўрганилди. Унга мувофиқ, 5 минг 400 дан ортиқ фуқарога уй-жой қуриш учун ер участкаси ажратилди. 17 қишлоқ массивида барпо этилаётган мингдан зиёд янгиланган намунавий лойиҳалар асосидаги замонавий уйда пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда. Термиз шаҳрида бешта арзонлаштирилган кўп қаватли уй бунёд этилмоқда.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили инвестиция дастури ҳамда қўшимча қабул қилинган дастурлар асосида 48 миллиард сўмлик маблағ ажратилиб, 45 сув иншоотида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Бу 116 мингдан ортиқ аҳолини марказлаштирилган тоза ичимлик суви билан таъминлаш имконини беради.

Бойсун туманидаги Хўжамайхона табиий булоғидан туман маркази ва бошқа аҳоли пунктларини ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Табиий газ етиб бормаган ҳудудларни суюлтирилган газ билан таъминлаш сифатини янада яхшилаш учун жорий йилнинг ўтган даврида 80 минг 500 дан ортиқ маиший газ баллони тарқатилди. Йил якунига қадар яна 52 минг 600 дан ортиқ шундай баллон тарқатилади. Аҳолининг суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш мақсадида маиший газ баллонларини сақлаш ва тарқатишга мўлжалланган 9 сервис маркази, Сариосиё туманида йилига 100 минг дона маиший газ баллони ишлаб чиқариш ва синовдан ўтказиш қувватига эга корхона қурилмоқда.

Электр энергияси билан таъминлаш ҳам сифат жиҳатидан яхшиланмоқда. Ана шу мақсадда вилоятда 61,3 километр электр тармоғи тортилиб, 18 трансформатор пункти реконструкция қилинди. Йирик ҳажмдаги ҳаво электр узатиш тармоқлари ва 694 трансформатор пункти жорий таъмирланди. Бироқ, аҳоли томонидан фойдаланилган табиий газ, электр энергияси ва ичимлик суви учун ўз вақтида тўловларни амалга оширишда жиддий эътиборсизликка йўл қўйилмоқда. Айни пайтда истеъмолчиларнинг табиий газдан 74 миллиард сўмга яқин, электр энергиясидан 90 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлиги юзага келгани фикримиз тасдиғидир.

Аҳоли мурожаатларида моддий ёрдам, нафақа, алимент ундириш, суд, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, йўл қурилиши каби соҳалар билан боғлиқ масалалар ҳам талайгина. Қабул давомида кўтарилган бу каби муаммоларнинг кўпчилиги тегишли тартибда жойида ҳал этилди.

– Турмуш ўртоғим буйрак-тош касаллигига чалинган, II гуруҳ ногирони, – дейди Термиз шаҳрининг Наврўз маҳалласида яшовчи М.Тиллаева. – Ўн олти марта операция қилинди. Ҳозир яна даволанишга муҳтож, бироқ маблағимиз йўқ. Ушбу масаладаги мурожаатимиз бугун ижобий ҳал этилди. Тошкент шаҳрида бепул даволаниш учун йўлланма беришди. Бунинг учун давлатимиздан беҳад миннатдормиз.

Бойсун туманидаги Дуоба маҳалласи тоғли ҳудудда жойлашган. Тоғ йўлининг носозлиги одамларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. 56 километр йўлнинг атиги ўн километрига асфальт ётқизилган. Меҳнат фахрийси, кекса педагог Рамазон Абдуллаев йўлни созлашда амалий ёрдам сўраб, маҳалла оқсоқоллари номидан мурожаат қилди. Бу муаммо ҳудудий дастур доирасида ўз ечимини топадиган бўлди.

– Мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш, одамларнинг дарду ташвишини тинглаш, муаммоларини жойида ҳал этишнинг таъсирчан усули жорий этилгани жуда яхши иш бўлди, – дейди Р.Абдуллаев. – Эсимни танибманки, шу аҳвол, ўнқир-чўнқир йўлда қатнаймиз. Мана, бугунги мурожаатимиз асосида одамларни қийнаб келаётган бу муаммо ҳал этиладиган бўлди. Олис ва чекка ҳудудларга қаратилаётган бундай эътибор биз, тоғликларни янада руҳлантириб, кўпроқ меҳнат қилишга, эл-юрт ишига камарбаста бўлишга ундамоқда.

Сайёр қабулда фуқароларнинг 900 га яқин мурожаати кўриб чиқилиб, аксарияти шу ернинг ўзида ечим топди.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА
1 641






Все о погоде - Pogoda.uz