Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.05.2017 18:43 Чоп этиш версияси

Бухоро вилоятида сайёр қабул: аҳолини ташвишлантираётган аксарият масалалар ижобий ҳал этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари жорий йилнинг 17-19 май кунлари Бухоро вилоятининг Бухоро шаҳри, Қоракўл, Ромитан ва Шофиркон туманларида сайёр қабуллар ўтказди.

Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони аҳоли билан яқиндан мулоқотда бўлиш, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни амалда қарор топтиришда муҳим аҳамият касб эмоқда.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси аҳолининг мамлакат тараққиёти ҳамда фаровонлигига қаратилган таклифлари, айниқса, фуқароларни ташвишга солаётган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишда кенг имкониятлар яратди.

Жорий йилнинг 16 май кунига қадар Виртуал қабулхонага Бухоро вилоятидан жами 34 минг 201 мурожаат келиб тушган. Уларнинг асосий қисми уй-жой олиш ва уй-жой қуриш учун ер ажратиш, моддий ёрдам, иш ҳақи, пенсия таъминоти, меҳнат ва бандлик, суд қарорлари ижро этилиши, судларда жиноят ишлари, фуқаролик ишларининг кўрилиши, банк-молия ва солиққа тортиш, таълим, соғлиқни сақлаш соҳалари, тадбиркорлик, коммунал хизмат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш масалаларига тааллуқлидир.

Мурожаатларни ўрганиш натижалари ҳокимликлар мансабдор шахслари томонидан қонунчилик талабларига зид равишда фуқаролар ва юридик шахслар томонидан юборилган мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқмаслик ва шикоятчига жавоб бермаслик, юзаки ўрганиш каби ҳолатларга йўл қўйиш амалиёти давом этаётганини кўрсатмоқда.

Сайёр қабулларда аҳолини ташвишлантираётган барча масалалар турли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида кўриб чиқилди. Фуқаролар муаммолари ечимига етарлича эътибор қаратмаган раҳбарлардан қатъий жавоб талаб қилинди.

– Ҳовлимнинг бир қисмини нотурар жойга айлантириб, якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритиш борасида мурожаат қилган эдим, – дейди Бухоро шаҳридаги "Шайхон" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Зулфия Раҳматова. – Бу масала ижобий ҳал этиладиган бўлди. Бу оиламиз фаровонлигини оширишда қўшимча имкониятдир.

Қоракўл тумани “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи уч фарзанднинг онаси Шоҳиста Нурмаматова ўғли туғма хаста бўлгани учун унга ногиронлик аравачаси ажратишларини сўраб мурожаат қилган.

– Мурожаатим ижобий ечим топгани учун шундай тизим ташаббускори бўлган Президентимиздан миннатдорман, – дейди Шоҳиста опа. – Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ногиронлик аравачаси берилди. Бундан ташқари, болам учун маҳалладан моддий ёрдам ҳам оладиган бўлдим.

Шу туманда яшовчи 94 ёшли Қаҳҳор бобо Тоғаев ҳам қабулдан хурсанд бўлиб чиқди. Унга Бухоро “Автотеххизмат” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Дамас” автомашинаси бериладиган бўлди.

Тадбиркорлик вилоят иқтисодиётида тобора салмоқли ўрин эгалламоқда. Олот туманида ҳам кўплаб кичик бизнес субъектлари фаолият кўрсатмоқда. Улардан бири “Мамат Назар” ишлаб чиқариш корхонасидир.

– Аҳолига савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мақсадида уч қаватли супермаркет биносини қуришга киришган эдим, – дейди “Мамат Назар” корхонаси раҳбари Собир Назаров. – Аммо молиявий масалада қўлим калталик қилди. Кредит ажратилиши чўзилавергач, иш ҳам сустлашиб қолди. Шундан сўнг Халқ қабулхонасига мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Бугунги қабулда ишим ҳал этилганини айтишди. Бугун-эрта “Микрокредитбанк” туман филиали менга 150 миллион сўм кредит ажратади. Супермаркет ишга тушгач, ўнга яқин ёш иш билан таъминланади.

Сайёр қабулларда 500 га яқин масала ва муаммолар муҳокама қилиниб, уларнинг аксарияти қонунчилик талаблари асосида ҳал этилди. Қолган масалалар ечими бўйича тадбирлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
2 724






Все о погоде - Pogoda.uz