Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.09.2017 17:58 Чоп этиш версияси

Сайёр қабул: ечими йўқ муаммо бўлмайди

Жиззах вилоятининг Зарбдор туманидаги Адиробод маҳалласида бўлиб ўтган сайёр қабулда аҳоли томонидан билдирилган барча мурожаат ижобий ҳал этилди.

Вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда туманнинг чекка ҳудуди ҳисобланган ушбу қишлоқда қатор муаммолар тўпланиб қолгани маълум бўлди. Тумандаги давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари иштирок этган мулоқот давомида мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди.

Адиробод маҳалласидан туман маркази ва Жиззах шаҳри йўналишларида жамоат транспорти қатнови йўлга қўйилмагани ҳақидаги мурожаат бўйича туман ички ишлар бўлими ва туман давлат солиқ инспекцияси ходимларига тегишли кўрсатмалар берилди.

– Маҳалламизга ичимлик суви келтириш лойиҳалаштирилганидан хабаримиз бор, – дейди меҳнат фахрийси Ашур Нуралиев. – Бироқ бу лойиҳа амалга оширилгунча ҳам аҳолига сув керак. Айни пайтда маҳаллий "тадбиркорлар” махсус автомашиналарда сув келтириб сотмоқда. Аммо ичимлик суви етказиб бериш бўйича меъёрий нарх белгиланмаган. Бу ишда тегишли тартиб ўрнатиш зарур.

Бу мурожаатни ҳал этиш юзасидан бир неча мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг жавоби, ахбороти эшитилди. Туман хокими ва “Сувоқова” идораси раҳбарига маҳаллага ичимлик суви келтиришни тезлаштириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди. Кўзда тутилган лойиҳа амалга оширилгунга қадар аҳоли учун ичимлик суви ўз вақтида, арзонлаштирилган нархларда етказиб бериладиган бўлди.

Худди шундай муаммолар истеъмолчиларни табиий газ билан таъминлашда ҳам мавжуд. Очиқ мулоқотда суюлтирилган газга биринчи марта аъзолик тўлови қилиш, истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ муаммоли масалалар шу ернинг ўзида тегишли ташкилот раҳбарлари ва мутасаддилар иштирокида ижобий ҳал этилди.

– Сайёр қабул давомида кўтарилган 20 га яқин муаммо ўз ечимини топди, – дейди "Адиробод” маҳалла фуқаролар йиғини масъул котиби Қаҳрамон Тўлабоев. – Бу тадбир агар аҳолига хизмат кўрсатишга масъул бўлган ташкилотлар ходимлари халқ орасига чиқиб, уларнинг мурожаатларини тингласа, ҳал бўлмайдиган муаммо қолмаслигини кўрсатди. Маҳалламиз аҳли давлатимиз томонидан халқ дардини тинглаб, муаммосини жойида ҳал этадиган бундай самарали тизим йўлга қўйилганидан беҳад мамнун.

Қабулда кўтарилган муаммолар бир кунда юзага келган эмас, албатта. Муаммоларнинг йиллар давомида тўпланиб қолиши замирида тегишли ташкилот ё корхоналар раҳбарлари, ҳудуддан маҳаллий Кенгашларга сайлаган депутатларнинг эътиборсизлиги ҳам ётибди. Шуни ҳисобга олиб, вилоят ҳокимлиги ташкилотлар раҳбарларига фақат мурожаатларда кўтарилган масалани эмас, балки ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқнинг турмуш даражасини оширишга амалий ёрдам кўрсатишга доимий эътибор қаратиш лозимлигини уқтирди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
3 668






Все о погоде - Pogoda.uz