Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

25.09.2017 17:32 Чоп этиш версияси

Сайёр қабул: аҳоли манфаатлари доимий эътиборда

Тошкент вилояти Бекобод туманидаги “Найман” маҳалла фуқаролар йиғинида “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида аҳоли билан очиқ мулоқот ва сайёр қабул ўтказилди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши вакиллари, халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари депутатлари, туман ҳокимлиги ва қатор мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилган сайёр қабулда фуқаролардан кўплаб таклиф ва мурожаатлар тушди.

Улар асосан коммунал соҳа, уй-жой, ёшлар масаласи, тадбиркорлик учун кредит олиш ва ички йўлларни таъмирлаш билан боғлиқ мурожаатлар бўлиб, аксарияти жойида ҳал этилди, қолганлари юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

– Маҳалламиз ҳудудида жойлашган 17-мактабгача таълим муассасаси биноси 1970 йилда қурилган бўлиб, ҳозиргача қайта реконструкция қилинмаган, – дейди “Найман” маҳалла фуқаролар йиғини Истеъдод кўчаси 20-уйда яшовчи Абдуваҳоб Эшонқулов. – Муассасада замонавий шароитлар яратиш учун ота-оналар ҳам имкон қадар ҳаракат қилган бўлса-да, куз-қиш мавсумига тайёргарлик олдидан ҳали муаммолар етарли. Масалан, бинолар етишмаслигидан ҳудуддаги барча болани қабул қила олмайди. Шунинг учун қўшимча бино қуриш ва мавжудларини қайта таъмирлаш зарур.

Мазкур муаммони ижобий ҳал этиш мақсадида депутатлар томонидан юқори ташкилотларга депутатлик сўрови юборилди.

Фуқаро Умрзоқ Эргашев маҳалла кўчаларида тунги ёритгичлар йўқлиги аҳоли, айниқса, қариялар ва болаларга ноқулайлик туғдираётгани юзасидан қилган мурожаати ижобий ҳал қилинадиган бўлди.

– Бугунги сайёр қабулда депутатлар томонидан аҳолининг 10 га яқин мурожаати кўриб чиқилди, – дейди партия вилоят кенгаши раиси М.Назаров. – Мана шундай сайёр қабуллар жараёнида мурожаат қилаётган айрим фуқаролар ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши билмаслиги кўриниб қолаётганини ҳисобга олиб, мулоқотлар давомида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга ҳам эътибор қаратилмоқда.

Жойларда давом этаётган бу каби сайёр қабулларда кўплаб муаммолар ижобий ҳал этилмоқда. Давлат органлари раҳбарларининг аҳоли билан юзма-юз учрашиб, мулоқот қилиши уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ҳаётдан рози бўлиб яшашида муҳим омил бўлмоқда.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
2 679






Все о погоде - Pogoda.uz