ЎзА Ўзбек

18.07.2017 18:10 Чоп этиш версияси

Сайёр қабуллар самараси

Президентимиз раҳнамолигида аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг самарали механизм ва усуллари жорий этилгани мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланди. Одамларнинг дардини эшитиш, оғирини енгил қилиш юртдошларимизнинг адолатга, давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязовнинг Шуманай туманида бўлиб ўтган сайёр қабулида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг халқ билан мулоқоти турли муаммоларга ўз жойида ечим топишнинг самарали усули экани яна бир бор ўз тасдиғини топди.

Сайёр қабулда давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида жойларда ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари самарали фаолият юритаётгани таъкидланди. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойил асосида иш юритаётган қабулхоналар фаолиятидан аҳоли мамнун.

Сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Шуманай туманидаги Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар мутасадди раҳбарлар иштирокида кўриб чиқилди.

Мурожаатлар асосан, банкдан кредит олиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, турар жой, коммунал хизмат, соғлиқни сақлаш, таълим тизимига алоқадор масалалар, пенсия ва нафақа таъминоти, тадбиркорлик ривожига тўсқинлик қилаётган муаммолар хусусида бўлиб, уларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди.

– Янги иморат қуриш, тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириш учун ер участкаси ажратилиши бўйича қилган мурожаатим тезда ҳал бўлди, – дейди Тлеумурат Кенесбоев. – Бу режа амалга ошса, 10 дан зиёд кишининг бандлиги таъминланади. Мурожаатларни самарали ҳал этишнинг бундай замонавий тизими йўлга қўйилганидан барчамиз хурсандмиз.

Тадбир сўнгида барча соҳаларда қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида тегишли ташкилотлар раҳбарларининг халқ олдида ҳисоботини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
6 943