Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.06.2018 15:05 Чоп этиш версияси

Сайёҳлик ва инвестиция салоҳияти намойиши

Сайёҳлик ва инвестиция салоҳияти намойиши
Термиз шаҳрида “Очиқ Жануб” деб номланган Сурхондарё вилоятининг инвестиция, экспорт ва туризм салоҳиятини намойиш этишга бағишланган халқаро бизнес форум бўлиб ўтмоқда.

DSC_0107.JPGДунёнинг йигирмага яқин давлатидан 160дан ортиқ ишбилармон доира вакиллари, хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчилари, чет эл ваколатхоналари ходимлари иштирок этаётган анжуманнинг тантанали очилиш маросимида қадимдан Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Сурхон воҳасининг жаҳон цивилизацияси тарихида муҳим ўринга эга экани алоҳида таъкидланди.

Танти, мард ва жасур полвонлар, Алпомишу Барчинойларга бешик бўлган бу юрт тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. 130 минг йиллик тарихга эга, неандертал одам боласининг бош суяги топилган Бойсун тоғидаги “Тешиктош” ғори инсониятнинг илк манзилгоҳи сифатида эътироф этилган. Шеробод туманининг Зараутсой қояларидаги инсон ва табиат билан боғлиқ минглаб тасвирлар (петроглифлар) бу замин қадимдан маданият ва санъат ўчоғи эканлигидан далолат беради. 2015 йилда Далварзинтепа тарихий ёдгорлигида Кушон императори Вима Кадфузнинг муҳри топилгани ҳам мамлакатимиз давлатчилик тарихида ўзига хос ўрин тутиш билан бирга бу ер қадимдан йирик савдо-сотиқ маркази бўлганига яққол мисолдир. Сополлитепа, Фаёзтепа, Далварзинтепа, Қоратепадаги тарихий ёдгорликлар бой ўтмишимиздан гувоҳлик беради.

639713c6-fb94-41c5-b461-3d6dc91777c5.jpg

Термиз шаҳридаги Марказий Осиёда ягона бўлган Археология музейидан ўрин олган юз мингдан ортиқ ноёб экспонатлар дунё аҳлида бу юртнинг ўтимиши ва бугунги тараққиёт босқичига катта қизиқиш ўйғотмоқда.

Ҳаким Термизий, Исо Термизий каби буюк алломаларга бешик бўлган вилоятда 400 дан ортиқ тарихий обидалар, моддий ва маданий мерос обьектлари мавжуд. Бу вилоятнинг зиёрат туризмини ривожлантиришда муҳим омил саналади. Сангардак шаршараси, “Ўринбулоқ”, “Пошҳурт”, “Сайроб” “Хўжасоат”, “Омонхона” каби шифобахш булоқлари ва сиҳатгоҳлари табиат ҳамда тиббиёт туризмини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

54cd7269-3010-4dca-9bdc-fe18ac89fbd4.jpg

Сурхондарё бой табиий ресурсларга эга бўлиб, Менделеев жадвалидаги деярли барча элементлар учрайди. Жумладан, бу гўшада тошкўмир, газ, цемент, нефт, мармар, ош тузи, калий тузи, оҳак, уран, полиметал, гранит тош, олтингугурт, керамзит, гипс, кварц, йод, карбид, бром, сланс каби кўплаб ноёб табиий бойликлар заҳираси бор. Айни пайтда воҳанинг аграр вилоятдан саноатлашган, ривожланган ҳудудга айланаётгани бунга яққол мисолдир. Шунингдек, вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш учун ҳам катта имкониятлар мавжуд.

DSC_0202.JPG

Бизнес форумда мамлакатимиздаги қатор вазирлик ва қўмиталар Ўзбекистон Республикасининг сайёхлик, инвестициявий, экспорт салоҳияти юзасидан тақдимотларини ўтказди. Шунингдек, Сурхондарё вилоятининг инвестиция ва сайёхлик салоҳияти тақдим этилди.

Жорий йилнинг 4 июнига қадар давом этадиган халқаро бизнес форум доирасида вилоятда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, ҳунармандчилик ва бошқа миллий либослар кўргазмаси ҳам ташкил этилади.

Анжуманнинг очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди.

1.jpg

2.jpg

3.jpg

6.jpg


Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА
9 838