Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

01.08.2018 18:24 Чоп этиш версияси

Сайёҳлар учун кириш тақиқланган жойлар

Сайёҳлар учун кириш тақиқланган жойлар
КЕЙМАДА-ГРАНДИ ОРОЛИ ЗАҲАРЛИ ИЛОНЛАР МАКОНИ. Илонларнинг кўплиги сабаб оролга сайёҳларнинг кириши тақиқланган. Орол Бразилия соҳилларидан 35 километр узоқликда жойлашган. Кўринишидан жаннатмонандга ўхшайди, аммо оролга бориш тавсия этилмайди. Чунки бу ерга бориш ҳаётни хавф остида қолдиради. Ям-яшил орол заҳарли илонларга тўлиб тошган. 
Олимларнинг сўзларига қараганда, 0,43 квадрат километрда 4 минглаб илон мавжуд. Энг хавфлиси, илоннинг Ботропс туридир. Бу илоннинг заҳари бошқа илон заҳарларидан беш баробар кучли экани айтилади. Бу илон чаққан ҳар қандай одам шу заҳоти вафот этади. Мана шуларни инобатга олган Бразилия ҳукумати Кеймада-Гранди оролига сайёҳларнинг боришини тақиқлаган. Халқ бу ерни илонлар ороли, деб атайди.

СЮРТСЕЙ ОРОЛИГА ҲАМ БОРИШ ТАҚИҚЛАНГАН. 1963 йилда Исландия сувларида сувости вулқонлари қайд қилинди. Вулқон натижасида янги ороллар пайдо бўлди. 2,7 квадрат километрга тенг бу орол турли мамлакат олимларининг диққат-эътиборига тушди. Оролга афсоналардаги оловлар ҳукмдори Сурт шарафига Сюртсей номи берилади. Бу ерда илмий ишлар олиб борилаётгани боис сайёҳларнинг кириши мумкин эмас. Орол пайдо бўлганидан бери олимлар бу ерда ўсимликларнинг ўсиши, ҳашаротларнинг пайдо бўлиши, қушларнинг ҳаёт кечириши билан боғлиқ ҳодисаларни ўрганишади. Шу тариқа вулқонларнинг отилиши натижасида пайдо бўлган қуруқликда ҳаёт қандай пайдо бўлгани ўрганилади. 

photo5409198919616932368 (1).jpg

Агар 1980-йилларда мазкур оролда ўсимликларнинг 20 тури кузатилган бўлса, 2008-йилга келиб уларнинг тури 69 тага етди. Тўғри, 2000-йилга келиб эрозия ва тўлқинлар туфайли қуруқлик 1,5 квадрат километргача қисқарган бўлса, айни дамда қуруқликнинг қисқариши анча камайган. 2008 йилда ЮНЕСКО оролни Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритди.

ШИМОЛИЙ СЕНТИНЕЛ ОРОЛИНИ ҲАМ ТАҚИҚЛАНГАН ЖОЙЛАР РЎЙХАТИГА КИРИТИШ МУМКИН. Бенгал кўрфазидаги Андаман оролида сентинел қабиласига мансуб аҳоли истиқомат қилади. Бу қабила вакиллари замонавий дунё билан мутлақо алоқа қилмайди. Шу сабабли оролга келган ҳар қандай сайёҳ албатта маҳаллий халқ вакиллари томонидан ҳужумга учрайди. 

photo5409198919616932369.jpg

Олимларнинг фикрича, маҳаллий аҳоли салкам 60 минг йилдан бери атроф-муҳитдан айро ҳолда истиқомат қилади. Уларнинг сони йилдан-йилга камайиб бормоқда. Айни дамда оролда 50 дан 400 га яқин аборигенлар яшайди. Бу одамлар ўз ҳудудларини ҳимоя қиладилар. Улар 2004 йилда цунамидан азият чеккан ҳудудларини назорат қилаётган ҳукуматга тегишли вертолётга ўқ отишган эди. 2006 йилда балиқчилар ҳужумга учраганидан сўнг ҳукумат сентинелларнинг еридан узоқроқда бўлишни маслаҳат берди. Олимларнинг бу қабила билан алоқа ўрнатиш борасидаги барча саъй-ҳаракатлари самарасиз якунланди.

ЯПОНИЯДА ИСЭ-ДЗИНГУ ИБОДАТХОНАЛАР МАЖМУАСИ БОР. Ибодатхона ёғоч деворлар билан қуршаб олинган. Унинг ичкарисига фақат юқори лавозимли руҳонийлар ва император оиласи аъзоларигина кириши мумкин. Қолганлар эса ибодатхонани томинигина кўриш шарафига муяссар бўлишади. 1945-йилгача Миягава дарёси туфайли ташқи дунёдан бутунлай узилиб қолган Исэ ибодатхонасига кириш мутлоқо мумкин эмас эди. Монахларнинг дарёни кесиб ўтишлари тақиқланган эди.

ҲИНДИСТОНДА ЙЎЛБАРСЛАР ҚЎРИҚХОНАСИ БОР. 2012 йилда мамлакат Олий суди Ҳиндистондаги бенгал йўлбарслари мавжуд барча миллий боғларни сайёҳлар учун ёпиқ деб эълон қилди. Барча штат расмийлари ноёб ҳайвонлар сақланадиган ҳудудларда муҳофаза девори барпо этишга мажбур бўлди. Кўрилган бу каби чоралар сайёҳлар оқимига салбий таъсир кўрсатди. Аммо йўлбарслар сонининг кўпайишига сабаб бўлди. Сўнгги йилларда Ҳиндистонда йўлбарслар сони анча ортгани айтилади. Масалан, 2010 йилда 1 минг 706 йўлбарс рўйхатга олинган бўлса, 2014 йилда уларнинг сони 2 минг 226 тага етган эди.

photo5409198919616932370.jpg

ГРЮИНАРД ОРОЛИГА ҲАМ САЙЁҲЛАР БОРА ОЛМАЙДИ. 1942 йилда Буюк Британия ҳукумати биологик қурол бўлмиш – куйдирги”ни синаш мақсадида Шотландиядан Грюинард оролини сотиб олди. Британиялик олимлар синовдан қониқиш ҳосил қилди. “Куйдирги” ҳудудларни жиддий зарарлантиради ҳамда одамлар ва ҳайвонлар ҳаёти учун бир неча ўн йиллар мобайнида катта хавф туғдиради. Ўтган асрнинг 80-йилларига қадар орол сайёрамиздаги энг хавфли ҳудуд сифатида тан олинган. 1986 йилга келиб олимлар оролни тозалашга муваффақ бўлди. Шундан сўнг оролга қўйлар қўйиб юборилди. Ҳайвонлар деярли касалланмади. 1990 йилда орол хавфсиз, дея эълон қилинди. Бироқ ҳеч ким шу кунга қадар бу оролга боришни истамаяпти. Археологларнинг айтишича, “куйдирги” қолдиқлари оролда қолган бўлиши мумкин. Шу сабабли ҳам яна юз йиллар давомида бу оролда инсонларнинг яшаши мақсадга мувофиқ эмас, деб кўрилади.

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА