ЎзА Ўзбек

26.02.2020 Чоп этиш версияси

Сайёҳлар оқими кўпаймоқда

Сайёҳлар оқими кўпаймоқда

Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги “Тупроққалъа” археологик объекти “Шарқ юлдузи” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган. Ушбу тарихий қалъа илмий маълумотлар бўйича эрамизнинг I-IV асрларига тегишли бўлиб, қадимги Хоразм ҳукмдорларининг қароргоҳи бўлган. Тарихчи олимлар томонидан олиб борилган илмий изланишлар натижасида қалъадан жуда кўплаб ноёб археологик ашёлар топилган.

Хусусан, рўзғорда фойдаланилган идишлар, деворга чизилган расмлар, эски тангалар ва яна бошқа топилмалар бугунги кунда Қорақалпоғистондаги музейларда сақланмоқда. Шу сабабли нафақат маҳаллий, балки чет эллик сайёҳлар ҳам “Тупроққалъа” археологик объекти билан яқиндан танишишга жуда қизиқадилар. Ёдгорлик маданий мерос объекти тариқасида давлат рўйхатига киритилган ва белгиланган қонун талаблари асосида қўриқланади. Ўтган йили бу ердаконсервация ишлари олиб борилди.

Қалъага яқин жойда сайёҳлар учун миллий ўтовлар тикилди. Дам олиш, овқатланиш ва, умуман, мазмунли саёҳат учун барча қулайликлар яратилди. Сўнгги вақтларда “Тупроққалъа” билан танишишга Германия, Италия, Франция, Австрия, Испания, Чехия, Польша, АҚШ, Жанубий Корея, Япония каби давлатлардан келаётган сайёҳлар оқими кенгайган.

1 288
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА