ЎзА Ўзбек

19.11.2019 Чоп этиш версияси

Сайловолди тарғибот тадбирлари қизғин давом этмоқда

Сайловолди тарғибот тадбирлари қизғин давом этмоқда

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида “Биз адолат тарафдоримиз!” шиори остида сайловолди тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Ўзбекистон “Адолат“ социал-демократик партияси вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган маданий-кўнгилочар тадбирда халқ депутатлари вилоят ва шаҳар кенгаши депутатлари, партия фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Сайловчилар билан ўзига хос, янгича мулоқот шаклида ўтказилган тадбирда партия вилоят кенгаши раиси У.Шоумаров иштирокчиларни партиянинг амалий ишлари, эришаётган натижалари билан таништирди. Хусусан, мамлакатимиз катта сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови арафасида турганини таъкидлаб, партиянинг янги Сайловолди дастурида белгиланган устувор мақсадларини ҳаётий мисоллар воситасида тушунтирди. Шунингдек, кенг жамоатчилик ўртасида партия ғояларининг мазмун-моҳиятини ёйиш ҳамда аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказишга алоҳида эътибор қаратди. 

– Ҳозирда юртдошларимиз катта сиёсий воқеа арафасида турибди. Мамлакатимиз парламенти ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга тобора оз фурсат қолмоқда, – дейди партия Чирчиқ шаҳар кенгаши раиси Р.Дастиров. – Бу сайловлар миллий мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, халқимиз, айниқса аҳолининг 60 фоиздан ортиғини ташкил этувчи ёшларнинг орзу-интилишларини ифода этиб, улар учун янги имкониятлар йўлини очиб беради. Боиси, бугунги кунда амалга оширилаётган барча ижобий ўзгаришлар замирида ҳар томонлама баркамол – жисмонан соғлом, ақлан етук, замонавий билим ва касб-ҳунарга эга, айни пайтда, мустақил ва ижодий фикрлашга қодир, интеллектуал жиҳатдан салоҳиятли ёш авлодни вояга етказишдек устувор мақсадга қаратилган. 

photo5368382178955733986.jpg

Қайд этилганидек, партия ижтимоий адолат ва қонун устуворлиги, барчанинг қонун олдида тенглиги, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини мужассам этадиган ғояларни қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жараёнлар янада инсонпарвар ва ижтимоий хусусият касб этишида фаол иштирок этади. Аҳамиятлиси, партия дастурида асосий эътибор аҳолига қулайликлар яратиш ва фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Хусусан, суд тизимини янада такомиллаштириш мақсадида турли йўналишларга бўлинган судларни умумлаштириш, суд тизимини комплекс ривожлантириш, судлар фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, улар фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишдан иборат. Шунингдек, аҳолининг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат ва бандлик, даромадларнинг адолатли тақсимланиши, ижтимоий хавфсизлик ва меҳнат муҳофазаси каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш, соҳага ақлли тиббиёт механизмини жорий этиш, пулли тиббий хизмат учун нархларни ҳудудлар бўйлаб бир хил белгилаш, сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори-дармон воситаларининг олдини олиш, таълим соҳасини янада ривожлантириш, ёшларнинг билим олишлари учун шароит яратиш мақсадида олий таълим муассасаларига қабул квоталарини бекор қилиш, шартнома бўйича ўқишга қабул қилинганлар учун қулайликлар яратиш, шунингдек, хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги ролини, сиёсий, ижтимоий мақомини янада ошириш, иқтидорли ҳамда юқори малакали хотин-қизларни давлат бошқаруви ва сиёсатга фаол жалб этиш тарафдори.

Чирчиқ шаҳрида ўтказилган митинг иштирокчилари партиянинг тарғибот материаллари, шиорларига катта қизиқиш билдирди. Самимий мулоқот давомида йиғилганлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга партия фаоллари томонидан атрофлича жавоб олди.

1 194
Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ, ЎзА