ЎзА Ўзбек

11.09.2019 Чоп этиш версияси

Сайловни кенг ёритиш учун халқаро матбуот маркази ташкил этилади

Сайловни кенг ёритиш учун халқаро матбуот маркази ташкил этилади

Сайлов жараёнида оммавий ахборот воситаларининг эркин иштирок этиши ҳамда уни ёритиши муҳим аҳамиятга эга. Айнан ушбу омил сайловнинг шаффофлик асосида ўтказилишида муҳим шартлардан саналади.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловларга тайёргарлик кўриш ҳамда уни очиқлик ва ошкоралик принципларига риоя қилган ҳолда уюшқоқлик билан ўтказишга қаратилган тайёргарлик ишлари жараёнида оммавий ахборот воситалари вакиллари сайловларга тайёргарликнинг бориши ва сайлов жараёнларини ёритиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда Халқаро матбуот маркази ташкил этилмоқда. Мазкур марказ Тошкент шаҳри Навоий кўчаси 16-уйда жойлашади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида маълум қилинди.

Мажлис кун тартибидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловларни ёритиш бўйича Халқаро матбуот марказининг фаолиятини ташкил этиш, МСКнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини тасдиқлаш каби масалалар ўрин олди.

Сайлов кодекси, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунга мувофиқ Марказий сайлов комиссияси “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорини қабул қилди.

Мажлисда округ ва участка сайлов комиссиялари таркибини шакллантириш бўйича йўриқнома, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси cайловида иштирок этиш учун сиёсий партиялар томонидан имзоларни тўплаш тартиби, сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари ҳамда номзодларнинг ишончли вакиллари тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.
Шунингдек, “Сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш тўғрисида” қарор ҳам қабул қилинди.

Марказий сайлов комиссияси аъзолари, МСК ходимлари, сиёсий партиялар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирлар Марказий сайлов комиссияси, тузиладиган сайлов комиссиялари томонидан очиқ ва ошкора ҳамда Сайлов кодексига тўлиқ мувофиқ ҳолда амалга оширилиши таъкидланди.

4 183
Н.АБДУРАИМОВА, ЎзА