ЎзА Ўзбек

14.10.2019 Чоп этиш версияси

Сайловда муносиб иштирок этиш керак

Сайловда муносиб иштирок этиш керак

Сайлов – 2019 

Нукусда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик доирасида “Бирмиз. Қўлни қўлга берамиз!” шиори остида оммавий тарғибот тадбири ўтказилди.

Партиянинг ғоя ва мақсадларини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган тадбирда партия марказий, Қорақалпоғистон Республикаси кенгашлари раҳбарлари, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлари, партия фаоллари, ёшлар, таниқли санъаткорлар, спортчи чемпионлар, маданият ва театр ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш“ демократик партияси марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров ва бошқалар бу галги сайлов, энг аввало, халқимизнинг давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ўз вакиллари орқали иштирок этиши учун Конституциявий белгиланган ҳуқуқини амалга оширишда муҳим демократик жараён эканини алоҳида қайд этди. Шу нуқтаи назардан партиянинг устувор мақсадларидан бири парламентни ҳақиқий маънодаги “халқ уйи”га айлантиришдан иборат.

“Инсон ўзгарса – жамият ўзгаради” шиори остида аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ўрганиш ва бартараф этишга кўмаклашиш, таълим ва тарбия сифати узлуксизлигини таъминлашга эътибор қаратиш, миллий қадриятларни аҳоли орасида кенг тарғиб этишни ўзининг устувор мақсади сифатида белгилаган партия парламентда энг кўп депутатлик ўрнига эга бўлишни режалаштирмоқда.

Тадбир доирасида партиянинг “Ёшлар қаноти” фаоллари махсус жиҳозланган автобусларда ҳудуддаги корхона ва муассасаларга, жамоат жойларига бориб, тарғибот тадбирлари ўтказди. Учрашувларда бу йилги сайловлар халқаро стандартлар асосида қабул қилинган янги Сайлов кодекси бўйича ўтказилаётгани, бунда ҳар бир фуқаронинг хоҳиш-иродаси эркин билдирилишини таъминловчи кафолатлар белгилаб берилгани қайд этилди. Жойларда сайлов қонунчилигига оид буклетлар тарқатилди. Ёш рассомлар кўргазмаси ташкил этилиб, партия сафига қабул қилинганларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.

Иштирокчиларга таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури намойиш этилди.

1 364
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА