ЎзА Ўзбек

03.12.2019 Чоп этиш версияси

Сайловчиларнинг ҳуқуқий билимлари оширилмоқда

Сайловчиларнинг ҳуқуқий билимлари оширилмоқда

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институтида 438-сонли участка сайлов комиссияси томонидан "Сайлов қонунчилигига оид янгиликлар" мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Тошкент шаҳар Сергели тумани прокуратураси ходимлари, участка сайлов комиссияси аъзолари, профессор-ўқитувчилар, курсантлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Маълумки, сайлов мамлакатда олиб борилаётган демократик ислоҳотлар, яқин ва олис истиқбол учун белгилаб олинадиган стратегик тараққиётнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда катта аҳамият касб этади.

Тадбирда бўлажак муҳим сиёсий жараёнга тайёргарлик ҳақида сўз юритилди. Партияларнинг Сайловолди дастурида белгиланган устувор мақсадлар ҳаётий мисоллар орқали тушунтирилди. 

Таъкидланганидек, бу йилги сайловнинг аввалгиларидан энг муҳим фарқли жиҳатларидан бири унинг илк бор янги Сайлов кодекси асосида ўтказилишидир. Аҳамиятга молик жиҳати, кодексдан сайловларни умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора ва шаффоф ўтказишга хизмат қиладиган ўттиздан ортиқ янги норма ва қоида жой олган. Амалда бўлган кўплаб чекловлар чиқариб ташланган. Шунингдек, "Бир сайловчи – битта овозга эга" тамойилини таъминлаш мақсадида юртимиз миллий сайлов тизимига сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати татбиқ этилмоқда.

Тадбир сўнггида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.

684
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА