Сайлов: шаффофлик, очиқлик энг муҳим тамойил
Фарғонада жорий йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайлов жараёнини ёритишга бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Фарғонада жорий йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайлов жараёнини ёритишга бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Фарғона вилоятида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 17 та, халқ депутатлари вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи 567 та сайлов округи ҳамда 1 минг 48 та участка сайлов комиссияси тузилади. Айни кунларда бўлажак сайловларга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Давра суҳбатида мамлакатимизда сайлов кампаниясига старт берилгани, эндиликда оммавий ахборот воситаларининг олдида бажарилиши лозим бўлган муҳим вазифалар тургани қайд этиб ўтилди. Шунингдек, сайлов олди тарғибот ишларида холисликни таъминлаш, ҳар бир партиянинг фаолиятини ёритишда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида фикр алмашилди. Сайловнинг юқори даражада ўтишида журналистларнинг фаоллиги муҳим аҳамиятга эгалиги ҳаётий фактлар билан тушунтирилди.
– Бу муҳим жараён – “Янги Ўзбекистон: Янги сайловлар” шиори остида ўтказилади, – дейди Марказий сайлов комиссияси аъзоси Шерзодхон Қудратхўжаев. – Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, мамлакатимизда бугунги кунда янги сиёсий муҳит шаклланмоқда. Фуқароларимизнинг сиёсий онги ва маданияти ўсиб, ҳар бир воқеага, жараёнга бефарқ эмас. Ҳозирдан кимлардир “сайлов ундай ўтади, бундай ўтади” деган турли башоратларни қилмоқда. Бизга ҳеч қандай Нострадамусларнинг кераги йўқ. Сиёсий партиялар очиқлик, шаффофлик асосида номзодларини илгари сурган ҳолда курашади.