ЎзА Ўзбек

31.07.2018 19:10 Чоп этиш версияси

Сайлов кодекси муҳокамаси

Пойтахтимизда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгаши марказий аппарати ва Тошкент шаҳар кенгаши ҳамкорлигида янги таҳрирдаги Сайлов кодекси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Келгуси йилда бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш бўйича партия чора-тадбирлар дастури ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда депутатлар, шаҳар сайлов комиссияси аъзолари, партия экспертлари ва фаоллари иштирок этди. Мазкур сиёсий жараён ошкора ўтишини таъминлайдиган миллий ва хорижий тажриба, халқаро норма ва стандартлар асосида тайёрланаётган янги, инновацион лойиҳа – Сайлов кодекси юзасидан фикр алмашилди.

Айни вақтда партия ташкилотлари ва депутатлик корпуси томонидан мазкур кодекс лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмоқда.

Мамлакатимизда сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан амалга оширилади. Тизим тартибли йўлга қўйилган бўлса-да, турли норозилик ва ишончсизлик ҳолатлари кузатилгани ҳам ҳақиқат. Шу боис таклиф этилаётган Сайлов кодекси лойиҳасида фуқароларнинг сайловга оид ҳуқуқларини амалга ошириш механизмларини янада такомиллаштиришга эътибор қаратилган.

Давра суҳбати давомида партия Тошкент шаҳар кенгаши олдида турган вазифаларга оид тадбирлар дастури белгиланди.

Барно Мелиқулова, ЎзА
6 679