ЎзА Ўзбек

20.08.2018 15:41 Чоп этиш версияси

Сайлов кодекси лойиҳаси муҳокамада

Сайлов кодекси лойиҳаси муҳокамада Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган мулоқотда Марказий, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари, сиёсий партияларнинг вилоят кенгашлари масъуллари, адлия, ички ишлар, халқ таълими, соғлиқни сақлаш бошқармалари, жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар, сайлов ҳуқуқи бўйича экспертлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Президентимизнинг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифаси белгиланган эди. Шунга мувофиқ, депутатлар, сенаторлар, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Адлия вазирлиги, сиёсий партиялар, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Марказий сайлов комиссияси аъзолари, экспертлар, олимлар иштирокида Сайлов кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Кодекс лойиҳасини тайёрлаш жараёнида сайлов қонунчилиги инвентаризация қилиниб, 20 га яқин хорижий давлатнинг сайлов қонунчилиги тажрибаси ўрганилган.

Таклиф этилаётган Сайлов кодекси лойиҳаси 2 қисм, 18 боб, 100 моддадан иборат бўлиб, унда сайловчиларнинг овоз беришини назорат қилишга йўл қўймаслик, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш сайлов комиссиялари томонидан очиқ ва ошкора амалга оширилишига эътибор қаратилган.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов сўзга чиқди.

Аваз Худойқулов, ЎзА
6 276