ЎзА Ўзбек

09.08.2018 17:47 Чоп этиш версияси

Сайлов кодекси лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмоқда

Сайлов кодекси лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмоқда
Тошкент вилояти Зангиота туманида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ва Тошкент вилояти кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган мулоқотда депутатлар, туман сайлов комиссияси аъзолари, партия экспертлари ва фаоллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидаги "Ҳар бир қонун лойиҳасининг бирдан-бир манбаи халқ бўлиши лозим", деган тамойилдан келиб чиқиб, партия томонидан “Фракция-марказ-вилоят-туман“ тизими йўлга қўйилган. Бу қонун лойиҳаларининг вилоят, туман ва шаҳар кесимида сайловчилар, партия электорати, турли табақа ва гуруҳлар манфаати нуқтаи назаридан муҳокама қилиниши, фракциялар ушбу масалаларда принципиал позициясини намоён этиши шартлиги, баҳс, тортишув бўлган тақдирдагина қонунлар мукаммал ҳаётий кучга эга бўлишини таъминлайди.

Айни пайтда партия ташкилотлари ва депутатлик корпуси томонидан мамлакатимиздаги сайловчиликка оид барча ҳуқуқий норма ва ҳужжатларни ўзида жамлаган ягона Сайлов кодекси лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмоқда.

Маълумки, мамлакатимизда сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида, яширин овоз бериш йўли билан амалга оширилади. Тизим тартибли йўлга қўйилган бўлса-да, баъзан турли норозилик ва ишончсизлик ҳолатлари кузатилгани ҳам бор гап. Шу боис таклиф этилаётган Сайлов кодекси лойиҳасида сайловчиларнинг овоз беришини назорат қилишга йўл қўймаслик, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш сайлов комиссиялари томонидан очиқ ва ошкора амалга оширилишига эътибор қаратилган.

Давра суҳбати давомида Сайлов кодексини янада такомиллаштириш учун сайловчилар хоҳиш ва истакларини ўрганиш, мазкур кодексни кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш юзасидан партиянинг Тошкент вилояти кенгаши олдида турган вазифаларга оид тадбирлар дастури қабул қилинди.

А.Худойқулов, ЎзА
6 375