Куни кеча Тошкент шаҳридаги “Саёҳат» меҳмонхонасининг 4-қаватидан пастга тушиб кетиб, вафот этган шахс ҳақида хабарлар тарқалди.
Куни кеча Тошкент шаҳридаги “Саёҳат» меҳмонхонасининг 4-қаватидан пастга тушиб кетиб, вафот этган шахс ҳақида хабарлар тарқалди.
Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бўлими тегишли хизматлари олиб борган суриштирув жараёнида маълум бўлишича, бу шахс 1989 йилда туғилган Олимжон Караев бўлиб, Сурхондарё вилояти Денов туманидан бўлган.
Оилали, муқаддам судланмаган О.Караев “Саёҳат” меҳмонхонасининг 4-қаватидан пастга ўзини ташлаган ва шу заҳоти вафот этган.
Ушбу хабар юзасидан зудлик билан воқеа жойига борилиб, суриштирув ишлари олиб борилганда, марҳум Россия Федерацияси Қозон шаҳрига ишлаш учун оиласи билан бирга кетгани, шу йил 4 август куни Ўзбекистон ҳудудига чартер рейс орқали келиб, карантинга олингани аниқланди. У “Саёҳат” меҳмонхонаси 408-хонасига жойлашган. 7 август куни у “COVID 19” вируси бўйича тест топширган. 9 август куни унда касаллик йўқлиги тўғрисида жовоб чиққан.
Марҳум билан бир хонада яшаган деновлик Ихтиёр Қурбонов билан ўтказилган суҳбат давомида у ҳамюрт бўлгани учун О.Караев билан ўзаро яхши муносабатда бўлишганини маълум қилган. 9 август куни у кечга яқин И.Қурбоновдан телефонини олиб Россия Федерациясида қолиб кетган оиласига қўнғироқ қилган.
Бироқ О.Караев хонанинг балкон қисмига кўп маротаба чиққан, оиласи Россияда қолиб кетганидан стресс ҳолатига тушиб қолганини айтган.
10 август куни тахминан соат 10:30 лар атрофида Ихтиёр хонада ухлаб ётган. Хонага меҳмонхона ходими келиб, уни уйғониб ҳароратини ўлчаган. Шундан сўнг ходим ундан хонадошини ҳам чақириб беришни илтимос қилган.
И.Қурбонов хонадошини қидириб балконга чиққан ва пастга қараган. Шунда меҳмонхона ҳовлисида О.Караевнинг жасадини кўрган. У бу ҳақда меҳмонхона ходимига хабар берган.
Мирзо Улуғбек туман прокуратураси ҳам шу каби ҳолатларни аниқлаш билан бирга марҳумнинг яқин қариндошлари билан телефон орқали суҳбат олиб борган. Улар кейинги пайтда О.Караевнинг руҳиятида салбий ўзгаришлар сезишгани ва ўзини ёмон ҳис қилиб юрганини билган. Шу сабабли унинг турмуш ўртоғи ва икки нафар вояга етмаган фарзанди Россия ҳудудида қолишига қарамасдан, уни Ўзбекистонга олиб келишга ҳаракат қилишган.
Бош прокуратура хабарига кўра, ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда. Туман прокуратураси марҳумнинг руҳий касаллика чалинган ёки чалинмаганлиги ҳолатга аниқлик киритиш чораларини кўрмоқда.