Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.05.2018 15:55 Чоп этиш версияси

Сайдулло бобонинг дил изҳорлари

Сайдулло бобонинг дил изҳорлари Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз тумани Куччи қишлоғида яшовчи 98 ёшли Сайдулло бобо Жабборов Иккинчи жаҳон урушидан уйига икки қўлтиқтаёқда қайтгач, оёққа туришга куч топиб, бор шижоатини уруш касридан деярли барбод бўлган халқ хўжалигини қайта тиклашга бағишлади.

– Бундан 77 йил аввал уруш бошланибди, деган ваҳимали гаплар биз яшайдиган чекка қишлоқда ҳам яшиндек тарқалди, - деб хотирлайди отахон. – Ўшанда энди 21 ёшга қадам қўйгандим. Қишлоқ йигитлари қатори мен ҳам биринчилардан бўлиб рўйхатга ёзилиб, 1941 йилда фронтга жўнадим. Ўша йиллари Сталинград шаҳри остонасидаги жангларда иштирок этдим. Жароҳат олдим, соғайиб яна жангга қайтдим. Урушнинг бор даҳшатини, унинг инсоният бошига келтирган аёвсиз кулфатларини ана ўша лаҳзаларда англаганман. Бир кунда юзлаб сафдошларимиздан айрилардик. Не-не азаматлар жангда бевақт хазон бўлди. Улар турли миллатларга мансуб бўлса-да, барчамиз дўст эдик. Гурунглашиб қолсак, яхши орзулар, мақсадлар ҳақида гаплашардик... Афсус...

Отахон бугунги тинч, фаровон кунлар, кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳақида тўлқинланиб гапирди.

– Аллоҳга шукр, бугунги дориломон кунларни кўриш насиб этди. Истиқлол туфайли юртимизда осудалик, хотиржамлик ҳукмрон. Биз, уруш фахрийларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг чегараси йўқ. Ҳар йили Хотира ва қадрлаш куни байрами арафасида Президентимиз фармони билан моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Бундай юксак эҳтиром оғушида яшаш – улкан бахт.

Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА
6 540