ЎзА Ўзбек

15.03.2019 09:22 Чоп этиш версияси

Саволлар кўп, жавоблар-чи?

Саволлар кўп, жавоблар-чи?

ёхуд газ ўлчагичлар борасидаги муаммолар

Белгиланган қоидага кўра, хонадонимиздаги газ, сув, электр энергияси ҳисоблагичлари ҳар тўрт йилда “Ўзстандарт” агентлигида давлат қиёслов-текширувидан ўтказиб турилиши лозим. Бу ҳақда истеъмолчилар доимо хабардор қилиб борилади. Аксарият халқимиз ушбу талабларни ўз вақтида бажаришга ҳаракат қилишади. Чунки ҳар бир бажарилмаган иш кейинчалик жиддий муаммоларнинг келиб-чиқишига сабаб бўлиб қолиши мумкин. 

Лекин бу борада ҳали ишлар тўлалигича йўлга қўйилмагани боис аҳолини чалғитаётган анча-мунча муаммолар бор.

Яқинда газ ҳисоблагичларни давлат қиёслов-текшируви масаласида туғилган саволларга жавоб топиш мақсадида масъул идораларга мурожаат қилдик.

Яшнобод туман газ таъминоти 4-сонли участка бошлиғи Алишер Абдумаминовнинг таъкидлашича, туманда газ ҳисоблагичларни қиёсловга ечиб бериш ва ўрнатиш харажатлари 140000 сўм этиб белгиланган.

8-сонли Олмазор туман газ таъминоти участкаси бошлиғи Иброҳим Ҳамдамовнинг айтишича, газ ҳисоблагичларини қиёсловга ечиш ва ўрнатиш хизмати пулсиз бажарилар, лекин абонентлар йиллик техник назорат учун 70-150 минг сўм миқдорида тўлов қилиши лозим.

2-сонли Мирзо Улуғбек туман газ таъминоти участкаси бош муҳандиси Соҳиб Жўраевнинг маълумотига кўра, бу туманда ҳам газ ҳисоблагичларини давлат қиёслов-текширувига ечиш ва ўрнатиш хизмати пулсиз амалга оширилади. Мабодо, давлат қиёслов-текшируви даврида ҳисоблагич яроқсиз топилса, уни қайта ўрнатиш хизмати кўп қаватли уйлар учун 70308 сўм, ҳовлиларда яшовчилар учун эса 97 500 сўм этиб белгиланган.

water-heater-rental.jpg

9-сонли Сергели туман газ таъминоти участка бошлиғи Рустам Юсуповдан ҳисоблагични қайта ўрнатиш хизмати кўп қаватли уйлар учун 127000 сўм, ҳовлиларда яшовчилар учун эса 147000 минг сўм эканини, 1-сонли Миробод туман газ таъминоти участка бошлиғи Султонбой Эрлепесовдан ҳисоблагични қайта ўрнатиш хизмати кўп қаватли уйлар учун 54000 сўм, ҳовлиларда яшовчилар учун эса 113000 дан 285 000 минг сўмгача эканини билиб олдик.

11-сонли Бектемир туман газ таъминоти участка бошлиғи Маҳмуд Қосимов газ ҳисоблагичларни давлат қиёслов-текширувига ечиш ва ўрнатиш текин хизмат кўрсатилишини, бундан ташқари, ҳисоблагични қайта ўрнатиш иш ҳажмига қараб тўлов миқдори аниқланишини таъкидлади.

10-сонли Учтепа туман газ таъминоти участка бошлиғи Дилмурод Кариев эса газ ҳисоблагичларни давлат қиёслов-текширувига ечиш ва ўрнатишда ҳеч қандай тўлов йўқлиги фақат ҳисоблагични қайта ўрнатиш кўп қаватли уйлар учун 70000 сўм, ҳовлиларда яшовчилар учун эса 97450 сўм эканини билдирди.

1ad62c820dc0ee98deaf57ae2d8f.png

Юнусобод туманида эса махсус тизим йўлга қўйилган бўлиб, унга кўра, Ягона дарча орқали тўлов амалга оширилади. Агар ходим газ ҳисоблагичларни давлат қиёслов-текширувига ечиш ва ўрнатиш ишларини бажариш жараёнида хизмат машинасидан фойдаланса – 18047 сўм, ходимнинг ўзи борадиган бўлса – 26647 қилиб белгиланган. (Чунки пойтахтимизда айни шу юмушга масъул ходимларга бажарилган ишга қараб ойлик тўланади. Нархлардаги фарқ шундан далолат.)

Туманлардаги нархларнинг турлича кўриниши бир қанча саволларни юзага келтирди. Буларга жавоб излаб ”Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятининг 1104 ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, 117-оператор билан боғландик. Оператор бизга нархлар билан боғлиқ бирор аниқ маълумот беролмади...

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг (71 233-28-88) масъул ходими Акмал Ходжаев ҳам бу борадаги саволларимизга жўяли жавоб бермади ҳисоб.

Тошкент шаҳри бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали молия-иқтисод бўлими бошлиғи Олимжон Азимов эса қуйидагича фикр билдирди:

0405_washgas-780x520.jpg

– Бугунги шиддатли давр барча соҳалар қатори бизнинг тизимда ҳам туб ислоҳотлар олиб бориш кераклигини эслатиб турмоқда. Газ ҳисоблагичларни қиёсловга ечиш ва ўрнатишда ҳеч қандай тўлов миқдори белгиланмаган, – дейди Олимжон Азимов. – Қачонки, янги ҳисоблагич ўрнатилса, кўп қаватли уйлардаги хонадонлар учун 70308 сўм, ҳовлида яшовчилар учун 111600 сўм тўлов амалга оширилади. Техник назорат учун ҳам маълум бир миқдорда тўловлар мавжуд.

“Ўзстандарт” агентлигининг 2016 йил 4 апрелдаги буйруғига биноан ўлчаш воситаларининг рўйхатига асосан аҳоли яшайдиган хонадонларда ўрнатилган газ, сув ва электр энергияси ҳисоблагичлари 4 йилда 1 маротаба давлат қиёслов-текширувидан ўтказилиши лозим. Давлат қиёслов-текширувидан ўтказиш қатъий равишда 3 иш кунида амалга оширилади.

9076370.jpg

Тошкент шаҳри миқёсида ҳисоблагичларни давлат қиёслов-текширувидан ўтказиш нархлари қуйидагича этиб белгиланган:

– газ ҳисоблагичлари – 6 906 сўм, сув ҳисоблагичлари – 9 668 сўм; электр энергияси ҳисоблагичи (1-фазали) – 36 612 сўм.

Ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш йўлида “Ўзстандарт” агентлиги мутасадди вазирликлар билан биргаликда “Газни ҳисобга олиш приборларини текширувдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги ҳамда “Маиший истеъмолчиларнинг электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини қиёслашдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомларини ишлаб чиққан ва тасдиқлаган.

Маълумот ўрнида келтириб ўтиш жоиз: https://glotr.uz/schetchiki_gaza/ интернет манзилида ҳовлилар учун ҳисоблагичларнинг нархлари қуйидаги кўринишда акс этмоқда – сгмн-1 g6 – 650 000 сўм, сгмн-1 g6 (беларусь-беломо) – 629 000 сўм. Кўп қаватли уйлар учун – сгм-1,6, cгм б-4 – 379 000 сўм, сгм-4 с тк – 478 000 сўм. Яна бир http://schetchik.uz/pg12400-schetchiki_gaza/ интернет дўконида ҳовлилар учун ҳисоблагичларнинг нархлари қуйидагича – сгмн-1 g6 (беларусь-беломо) – 599 000 сўм, беларусь g-6 (новогаз) – 699 000 сўм. Кўп қаватли уйлар учун – сгм-4 с тк – 478 000 сўм, сгм-1,6 – 305 000 сўм. Шунингдек, “Sensus” ва “Sanar” маркали корхона-ташкилотлар учун мўлжалланган газ ҳисоблагичлар бошланғич нархи уч миллион сўмдан бошланар экан.

0cc5f23937accfb60876abc4414aafda.jpg

Энди савол туғилади: Нима сабабдан биргина пойтахт туманларидаги газ ҳисоблагичларни давлат қиёслов-текширувидан ўтказишда уларни ечиш ва ўрнатишдаги ҳолат, шунингдек, янги ҳисоблагич ўрнатиш нархлари турлича? Улар ўртасидаги тафовут сабаби нима? Мазкур масалага масъул ходимларнинг жавобларидан кўриниб турибдики, уларнинг ўзлари ҳам белгиланган сумма ва тартиб-қоидадан бехабар. Ёки билсалар ҳам бунга амал қилмайди. Айни пайтда, истеъмолчилар ҳам бу борадаги тартиб қоидалардан тўлиқ хабардор эмасмиз.

Демак, бу борадаги муаммоларни бартараф этиш ва тартибга солиш вақти келди. Эндиги гап соҳа мутасаддиларида. Хўш, улар нима дейишади?

Ғайрат Ширинов, ЎзА
5 574