ЎзА Ўзбек

23.05.2020 Чоп этиш версияси

Савобли амаллар кўпаяверсин…

Савобли амаллар кўпаяверсин…

“Яхши кунлар тез ўтади”, дейишади. Яқиндагина ташрифини орзиқиб кутганимиз Рамазон ойи якунланиб, муборак ҳайит айёми арафасида турибмиз. Бу шукуҳдан кўнглимиз масрур бўлса, иккинчи жиҳатдан, бир ойлик баракотли меҳмонимизни кузатганимиздан маҳзунлик туяётганимиз ҳам бор гап.

Яратганга беадад шукурки, жонажон диёримизнинг мўмин-мусулмонлари ўн икки ойнинг султони бўлмиш Рамазон ойини синовли кунларда, оғир дамларда ҳам ниҳоятда кўтаринки руҳда, кечаларини тоат-ибодат, кундузларини рўзадор ҳолда файзу футуҳ билан ўтказиб, мағфират ва раҳмат кунларини солиҳ амаллар, Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантирдилар. Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳ таоло ваъда қилган буюк мукофотни қабул қилиш куни “Ийди-Фитр”, яъни Рамазон ҳайити каби улкан шодиёнани ҳам интиқлик ила кутиб олмоқдалар.

Аллоҳ таоло Ўзининг муборак Каломида шундай марҳамат қилган: “Айтинг: Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас (албатта) шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир” (Юнус сураси, 58-оят).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, у (мадиналик)ларнинг икки куни бўлиб, улар ўша кунларида ўйин-кулги қилишар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу икки кун қандоқ кун?”, – деб сўрадилар. Улар: “Биз жоҳилиятда шу кунларда ўйин-кулги қилар эдик”, – дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ сизларга у иккиси ўрнига улардан кўра яхшироқ – Азҳо (қурбон ҳайити) ва Фитр (рамазон ҳайити) кунларини берди”, – дедилар” (“Сунан” эгалари ривоят қилган).

Халқимиз Ислом дини билан мушарраф бўлган кундан бошлаб Рамазон ҳайитини тантанали равишда байрам сифатида нишонлаб келган. Ийд намозини ўқиш учун бутун аҳоли бир намозгоҳга йиғилган.

Афсуски, коронавирус пандемияси бутун дунёни таҳликага солиб турган бир пайтда масжидларда ҳам жамоат ва жума намозларини адо этиш вақтинчалик тўхтатилди. Таровеҳ намозларини ҳам уйда, оиламиз билан адо этдик. Юқумли касаллик тарқалган вақтда ва хасталикнинг одамлар ҳаётига хавфи сақланиб тургани сабабли ҳайит намозини ҳам жамоат бўлиб ўқишнинг имкони йўқ. Бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг баёноти ҳам қабул қилинди. Шуни эътиборга олган ҳолда, ҳайит куни қуёш чиққандан тахминан ярим соатдан кейин мўмин-мусулмонларимизга ўз хонадонларида тўрт ракатли нафл намоз ўқиш тавсия этилади.

Шунингдек, ҳайит кунлари бева-бечоралар, етим-есирлар, беморлар ҳолидан хабар олиш, фақиру камбағалларга моддий ёрдам кўрсатиш, саховат амалларини адо этиш, болаларга ҳайитлик совғалари улашиш халқимизда анъанага айланган фазилатлигини сира ёддан чиқармаслигимиз лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминнинг дунё қайғуларидан бирини кетказса, Аллоҳ унинг қиёмат кунидаги қайғуларидан бирини кетказади. Ким дунёда бир қийналган (биродари)нинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло унинг қиёматдаги оғирини енгил қилади. Ким бир мусулмонни айбини беркитса, Аллоҳ таоло уни дунё ва охиратда сатр қилади. Қайси бир банда биродарининг ёрдамида бўлса, Аллоҳ таоло ҳам унинг ёрдамида бўлади”, – деганлар (Имом Муслим ривояти).

Шунингдек, ҳайит арафасида қўни-қўшниларга меҳр-мурувват кўрсатиш билан бирга, моддий ёрдамга муҳтож кишилар, яъни кам таъминланган оилаларга хайр-эҳсон қилинса, уларнинг хонадонларига ҳам байрам шукуҳи кириб келган бўлади. Шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, пандемия – юқумли касаллик тарқалган вақтда ҳамда карантин талаблари амалда бўлиб турган бир жараёнда бу ишларимизни ҳам карантин талабларига мувофиқ бажариш лозим.

Шу ўринда эсга олиш зарур бўлган яна бир жиҳат шуки, “Фитр садақаси” рўзадан чиқиш муносабати билан бериладиган садақа ҳисобланади. Бу молиявий ибодат шариатимизда рўзадорнинг рўзаси комил бўлишига ҳалал берадиган турли беҳуда гап-сўз ва хатти-ҳаракатлардан поклаш, мискинларга таом улашиш маъносида жорий қилинган.

Ҳанафий мазҳабига кўра, Рамазон ҳайити куни тонг отиши билан “садақаи фитр”ни бериш вожиб бўлади. Аммо ундан олдин Рамазоннинг аввалги кунларида бериш ҳам жоиз ҳисобланади.

Узоқлашиб кетган қариндошлар билан, айрим аразлашган дўст-яқинлар билан ҳайит баҳонасида алоқаларни тиклаш, ярашиб олиш мўмин-мусулмончилик фазилатларидан. Зеро, силаи раҳмни узган ёки мусулмон биродарига гина қилган кишиларга фазилатли кунларнинг яхшилиги етмаслиги ҳақида ривоятлар бор. Шу боис, бунга жиддий қараш, одоб-ахлоқ билан ёндашиш керак. Бундай ҳолатларда ҳайитликлар бериш ҳам орадаги кудурат кўтарилишига сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ҳайитини муборак қилсин. Бу кунни баракотидан савобли амалларни кўпайтиришни Яратганнинг ўзи насиб айласин. Ихлосли халқимизнинг муҳаббати, улуғ кунларда қилган яхши амаллар ҳам дуолар сабаб Аллоҳ бутун дунёни, хусусан, Ватанимизни ҳам тез фурсатда коронавирус офатидан фориғ қилсин!

Барчамизга Рамазон ҳайити муборак бўлсин!

Убайдуллоҳ АБДУЛЛАЕВ,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби.

1 096
ЎзА