ЎзА Ўзбек

28.08.2018 19:49 Чоп этиш версияси

Савдоси "пишмаган" оғу

Республикамиз божхоначилари томонидан наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонун бузилишларига қарши курашиш бўлими томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида гиёҳванд ўсимликларнинг ноқонуний етиштирилаётганлиги фош қилинди.

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизматининг маълумотига кўра, Олмалиқ шаҳрида фуқаро Э.Ф. раҳбарлигидаги масъулияти чекланган жамият ҳудуди белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, бу ерда 90 туп “каннабис” (наша) гиёҳванд ўсимлиги етиштирилаётганлиги аниқланди. 

Бошқарманинг Контрабанда ва божхона қонунбузилишларига қарши курашиш бўлими томонидан эса Ўртачирчиқ туманида наркотик моддаларнинг яширин савдосига чек қўйилди.

Тезкор тадбир давомида, ушбу туманда истиқомат қилувчи фуқаро Т.С. қоғоз бўлакчаларидан тайёрланган 40 дона ўрамларда 143,57 грамм оғирликдаги “марихуана” гиёҳвандлик воситасини сотаётган вақтида фош қилинди. Шундан сўнг, ушбу шахснинг хонадони холислар иштирокида ва белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, 3 туп “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлиги ва 52,5 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ЎзА
2 608