ЎзА Ўзбек

16.08.2018 20:43 Чоп этиш версияси

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик янада кенгаяди

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик янада кенгаяди Тошкентда 16 август куни Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, ишбилармон доира вакиллари, йирик компания ва концернлар раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси Суҳроб Холмуродов, Ҳиндистон Республикаси савдо ва саноат вазири Суреш Прабху мамлакатларимиз муносабатлари барча йўналишларда изчил ривожланиб бораётгани, жумладан, ахборот технологиялари, туризм, тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини таъкидлади. Сўнгги икки йил мамлакатларимизнинг иқтисодиёт, сармоя, савдо, текстиль, туризм ва логистика тармоқларида ҳамкорлик учун самарали кечди.

Ҳиндистон компаниялари мамлакатимизда нефть-газ, кимё, текстиль, терини қайта ишлаш, чарм-атторлик, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларида самарали фаолият юритиб келмоқда. Юртимизда Ҳиндистон капитали иштирокидаги 139 корхона рўйхатдан ўтган.

– Ўзбекистон ва Ҳиндистон ахборот-коммуникация технологиялари, инновацион ишланмалар, туризм, тиббиёт ва фармацевтика соҳаларидаги ҳамкорлиги йил сайин кенгаймоқда, – деди Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Винод Кумар. – Ҳозирги кунда мева-сабзавотни қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш ва экспорт қилиш борасидаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда. Ўзаро савдо алоқаларини ривожлантиришга кенг аҳамият қаратилмоқда. Турли доирадаги ўзаро маслаҳатлашувлар, хусусан, мунтазамлик касб этган Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Ҳиндистон ҳукуматлараро комиссияси мажлислари бунда муҳим омил бўлмоқда.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан икки мамлакат ишбилармон доиралари учун бизнес-форум ташкил этилди. Унда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро саноат кооперациясини ривожлантириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш, сайёҳлик соҳасида манфаатли дастурларни ишлаб чиқиш каби масалалар муҳокама қилинди. АКТ ва тиббий хизматлар кўрсатиш тармоғида истиқболли келишувларни рўёбга чиқариш учун томонларда имконият юқори экани таъкидланди.

Ҳукуматлараро комиссия мажлиси якуни бўйича қатор фойдали келишувлар имзоланди.

Дилобар Маматова, ЎзА
4 688