ЎзА Ўзбек

24.04.2019 20:01:35 Чоп этиш версияси

Сарвар Олим томонидан эълон қилинган мақолага муносабат


Сўнгги кунларда Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг uza.uz сайтида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Салим Қодиров муаллифлигида чоп этилган “Аёлни эъзозлаган дин” номли китобдаги аксарият маълумотлар Ўзбекистон халқаро ислом академияси докторанти Нигора Юсупованинг илмий иши доирасида 2006 йилда чоп этилган “Исломда аёл ҳуқуқлари” номли монографиясидан унинг рухсатисиз кўчириб олинганига оид икки мақола чоп этилди. 

Ушбу мақолаларда С.Қодировнинг бу иши плагиат экани таъкидланиб, унинг хатти-ҳаракатлари танқид остига олиниши билан бир қаторда, “Нега Дин ишлари бўйича қўмита ушбу китобнинг чоп этилишига рухсат берган? Нега қўмита ушбу масалада сукут сақламоқда?” каби саволлар ҳам ўртага ташланган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита экспертлик гуруҳи Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил, 20 январь кунидаги “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 10-сонли Қарорига мувофиқ давлат диншунослик экспертизасини амалга ошириб, бунда материалнинг фақатгина мазмунига эътибор қаратилади.Бирор-бир рисола ёки адабиётда келтирилган маълумотларнинг бошқа бир манбадан кўчирилгани ёки мустақил ижод намунаси эканини аниқлаш, бу борада муносабат билдириш ёхуд плагиатга қўл урилганни ёки йўқлигини текшириш Дин ишлари бўйича қўмита ваколати доирасига кирмайди. 

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, С.Қодировнинг “Аёлни эъзозлаган дин” китоби бўйича ўтказилган давлат диншунослик экспертизаси мавжуд қонун талаблари доирасида амалга оширилган.

Мақола муаллифи Сарвар Олимнинг “Ушбу масала юзасидан қўмита нега сукут сақламоқда?”, деган саволига келсак, Дин ишлари бўйича қўмита ушбу ҳолатни ўз ваколати доирасида ўрганиб чиққан. Хусусан, жорий йилнинг 29 март куни фуқаро Камолиддин Юсупов (Н.Юсупованинг акаси)нинг Қўмитага йўллаган мурожаатига асосли жавоб қайтарилиб, плагиат масаласида Ўзбекистон интеллектуал мулк агентлиги ёки судга мурожаат қилиш тавсия этилган.Шунингдек, Қўмита мутахассиси монография муаллифи Н.Юсупова ва фуқаро К.Юсуповлар билан телефон орқали боғланиб, вазиятнинг қонуний ҳал этиш йўллари бўйича ўз таклифларини берган ҳамда ушбу масала бўйича вазият тўлиқ ойдинлашгунга қадар С.Қодиров муаллифлигидаги “Аёлни эъзозлаган дин” китобининг қайта нашрлари тўхтатиб қўйилганини маълум қилган.

Сарвар Олим томонидан мақолада кўтарилган масала Дин ишлари бўйича қўмитанинг ваколати доирасига кириши ёки кирмаслигини ўрганмасдан ёки ҳолатга ойдинлик киритиш учун расмий маълумот олмай туриб,ўз мақоласида Қўмитани кўр-кўрона айблаши мантиққа ҳам, журналист этикасига ҳам мутлақо тўғри келмайди.

Дин ишлари бўйича қўмита 
Матбуот хизмати