ЎзА Ўзбек

31.07.2018 23:00 Чоп этиш версияси

Сармоя эвазига аҳоли бандлиги таъминланди

Миллий матбуот марказида “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки томонидан банк тизими олдига қўйилган устувор вазифалар ижроси юзасидан амалга оширилган чора-тадбирлар, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида эришилган натижалар сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Бугунги кунда “Туронбанк” АТБ 21 мингдан ортиқ мижозига банк хизматлари кўрсатиб келмоқда. Кейинги йилларда банк замонавий услубда ва аниқ белгиланган стратегия асосида иш юритишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Жумладан, жорий йилда банк томонидан ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2,4 миллиард сўм, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандликни ривожлантириш учун 27,1 миллиард сўм, сервис соҳасига 260 миллиард сўм, ишбилармон аёллар раҳбарлик қилаётган корхоналарга 52,4 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Мазкур сармоялар эвазига кўплаб иш ўрни яратилди.

Шунингдек, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида банк томонидан ўз маблағлари ҳисобидан 37 лойиҳага 34,7 миллиард доллар ҳамда хорижий кредит линиялари маблағлари ҳисобидан 7 лойиҳага 8,5 миллиард доллар миқдорида кредитлар ажратилди.

Таъкидлаш жоизки, “Туронбанк” АТБ билан мижоз ўртасидаги иш жараёнини янада соддалаштириш ҳамда вақтни тежаш мақсадида, хорижий валютадаги тўлов топшириқномаларини банк-мижоз дастури орқали автоматик тарзда ўтказиш жорий этилган бўлиб, ушбу хизмат тури банк тизимини янада такомиллаштиришга имкон яратмоқда.

Тадбирда мутахассислар томонидан иштирокчиларнинг саволларига жавоб қайтарилди.

Гулноза Бобоева, ЎзА
2 429