Сархил ва арзон, энг муҳими уйингиз ёнида
Унга кўра, енгил конструкцияли “дала дўконлари” ва кичик сиғимли ҳажмли музлаткич омборлар қуриш ҳамда маҳсулотларни арзон нархда “даладан дўконгача” тамойили асосида етказиб бериш белгиланган.
Бозорларимизда дала-дўконлари ташкил этиш тажрибаси оммалашганига ҳам анча бўлди. Нархлар нисбатан анча арзон. Олибсотарларга ялиниб ўтирмай сабзи-пиёз дейсизми, картошка ёки карам дейсизми, тарозига торттириб, пулини тўлаб олиб кетаверасиз.
Энди ана шу тажрибани аҳоли гавжум маҳаллаларда қўллаш чораси кўрилмоқда. Унга кўра, енгил конструкцияли “дала дўконлари” ва кичик сиғимли ҳажмли музлаткич омборлар қуриш ҳамда маҳсулотларни арзон нархда “даладан дўконгача” тамойили асосида етказиб бериш белгиланган.
Айни вақтда ҳудудлардаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳар бирида биттадан енгил конструкцияли “дала дўконлари” ва кичик сиғимли ҳажмли музлаткич омборлар қуриш истагини билдирган 1 минг 430 та лойиҳа ташаббускорлари аниқланди. Бунинг учун талаб этиладиган маблағ миқдори 73 миллиард сўм бўлиб, унинг 40 миллиард 347 миллион сўми Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади. 32 миллиард 703 миллион сўми эса бундай иншоотларни қуриш истагидаги тадбиркорларнинг ўз маблағлари.
Шу тариқа бошланган хайрли юмушлар натижаси пишиқчилик мавсумида кўрина бошлади. Жорий йилнинг 15 октябрь ҳолатида аҳоли гавжум маҳаллалар ва марказий деҳқон бозорларига 810 ортиқ енгил конструкцияли “дала дўконлари” ва 5-10 тоннали кичик сиғимли музлаткич омборлар қурилди. Бунинг учун 37 миллиард сўм сарфланди.
Жумладан, Фарғона вилоятида 158, Тошкент вилоятида 151 та, Бухорода 62 та, Самарқанд вилоятида 92 та, Қорақалпоғистон Республикасида 50 та, Андижон вилоятида 45 та, Жиззах вилоятида 46 та ана шундай енгил конструкцияли “дала дўконлари” ва 5-10 тоннали кичик сиғимли музлаткич омборлар ишга тушди.
Жамғарма эса бунинг учун 360 та дала дўкони қуриш учун 9 миллиард 716,0 миллион сўм молиявий кўмак берди.
Жорий йилинг якунига қадар яна 617 та енгил конструкцияли “дала дўконлари” ва 5-10 тоннали кичик сиғимли музлаткич омборлар қурилади. Бунинг учун жамғарма 18 137 миллион сўм кредит ресурслари талабгорларнинг буюртмаларига кўра тижорат банклари орқали молиялаштиришни режалаштирган.
Яқин–яқингача деҳқонлар онгида «деҳқон фақатгина маҳсулот етиштирувчи ва ўртакашга сотувчи бўғин», деган фикр бор эди. Эндиликда улгуржи бозорларда олибсотарлар қўлида сарсон бўлаётган деҳқонларга истаган бозорида, тўғридан-тўғри, юк машинасидан маҳсулотини сотишига шароит яратиб берилмоқда. Аввал деҳқон етиштирган маҳсулотини ўртакашга минг сўмга сотиб, маҳсулот устама билан истеъмолчига икки ярим минг сўмга етиб борган бўлса, энди деҳқон уни 1 200 -1500 сўмдан сотади. Бундан ўзи ҳам яхшигина даромад қилади, аҳоли ҳам арзон нархда ва сархил маҳсулотни харид қилади. Энг муҳим эса у уйингиз ёнида ёки маҳаллангиз яқинида бўлгани боис, йўл кира ҳам ёнингизда қолади.
Фахриддин Суюнов,
Ўзбекистон фермер, деҳқон
хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи