ЎзА Ўзбек

13.04.2020 Чоп этиш версияси

Сариёғ қўймаган инсонни сиқиб қоладиган ғор ҳақида эшитганмисиз?

Сариёғ қўймаган инсонни сиқиб қоладиган ғор ҳақида эшитганмисиз?
Табиат тилсимлари

Бойсун туманидаги Омонхона булоқ суви ўзининг шифобахшлиги билан маълуму-машҳур. Айниқса ёз фаслида баҳаво, хушманзара бу гўша нафақат сурхондарёликлар балки, мамлакатимизнинг турли ҳудудлари ҳамда бошқа давлатлардан келган шифоталаб инсонлар ва гўзал табиатга иштиёқманд сайёҳлар билан янада гавжум бўлади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, кремний кислотаси, темир, алюминий ва бошқа кўплаб микроэлементларга бой булоқ суви жигар ва ўт пуфаги йўлларини даволаш, инсон танасини самарали ювиш хусусиятига эга. Ноёб бу сувнинг ички органларни ювишда қўлланиладиган гемодез суюқлигидан бир неча марта устунлиги ҳам исботланган.

de285c97-e776-4d55-aa31-145f37936d49.jpg

Хушманзара тоғ қўйнидаги тилсимли булоқдан унча узоқ бўлмаган масофада табиатнинг яна бир мўъжизаси – ғаройиб ғор ҳам мавжуд. Пурвиқор тоғлар бағрида “Омонхона совутгичи” номи билан танилган ғорнинг чуқурлиги уч ярим метр атрофида бўлиб, ички қисми кенг хонага ўхшайди. Ер қисмига майда тоғ тошлари бир текис териб қўйилгандек таассурот уйғотади. Шу ерлик одамларнинг айтишича, қиш чилласида 20 даражагача иссиқ бўладиган хона ҳарорати ёз фаслида 5-6 даражани ташкил этиб туради. Шу боис ҳам ўтмишдан омонхоналиклар уйда тайёрлайдиган қўлбола сариёғни ғорда сақлашга одатланган. Нафақат Омонхона балки, теварак-атрофдаги бошқа тоғ қишлоқлари аҳолиси ўртасида ҳам ғорга сариёғ қўймаган киши унга тушишга ҳаракат қилса, оғзи торайиб, сиқиб қолади, деган ривоят юради.

fedb078c-9e35-465f-8d9b-ca25240f03aa.jpg

– Шу сабабданми бошқа қишлоқлар одамлари ғорга тушишга унчалик иштиёқманд эмас, – дейди Инкобод маҳалласи раиси А.Қурбонов. – Ҳар қалай қадим аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган ушбу ривоятдан ҳам чўчиб туришса ажабмас. Маҳалламиз ҳудудида бешта қишлоқ мавжуд. Унга фақат сариёғ қўйган омонхоналиклар тушиб чиқади. Айни пайтда ғордаги сервитамин маҳсулот анча камайиб қолган. Бу йил баҳор жуда баракали келмоқда. Ҳа, демай омонхоналиклар тайёрлаган қўлбола сариёғ чорва молларининг тозаланган қорнига жойлаштирилиб, ғор тубидан жой ола бошлайди. Йилнинг энг иссиқ ойларида табиат инъом этган бу “совутгич”да сақланган неъматдан қиш фаслида тотиб кўрсангиз, таъми ва мазаси оғзингизда қолиб кетади.

Хуллас, йўлингиз тушиб, Сурхондарё тарафларга келиб қолсангиз албатта Омонхона келинг. Шифобахш булоқ сувидан баҳра олинг. Табиий совутгичда сақланган сариёғдан татиб кўриб, унинг тотли мазасига ўзингиз баҳо беринг. Ҳозирча эса уйда қолинг!

1 659
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА