Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.09.2017 18:50 Чоп этиш версияси

Сардорлар ва етакчилар сайланмоқда

Шу кунларда мамлакатимиздаги барча таълим муассасаларида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг сардорлар ва етакчилар кенгаши аъзолари сайловлари ҳамда "Камалак" аъзосиман" мавзуидаги тадбирлар ташкил этилмоқда.

2-Тошкент юридик коллежида бўлиб ўтган ана шундай тадбирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Чилонзор тумани кенгаши фаоллари, ўқувчилар, ўқитувчилар иштирок этди.

Коллеж директори А.Ҳасанов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи том маънода мамлакатимиз ёшларининг орзу-истакларини рўёбга чиқарадиган, уларга амалий ёрдам кўрсатадиган ва ташаббусларини қўллаб-қувватлайдиган ташкилот эканини алоҳида таъкидлади.

Ёшларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларни етакчилар сифатида тарбиялаш борасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи зиммасига катта вазифалар юклатилган. Бугунги кун ёшларидан энди ҳар қачонгидан ҳам шижоат билан илм эгаллаши, юртимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар жараёнига фаол муносабат билдириши, ўз фуқаролик позициясига эга бўлиши талаб қилинмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 18 июлдаги «Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган тадбирларда ёшлар етакчилари сайланмоқда.

Беш босқичдан иборат сайловларда дастлаб умумтаълим мактабларининг синф сардорлари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг гуруҳ етакчилари, синф сардорлари ва гуруҳ етакчилари кенгаши аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туманлар (шаҳар) сардорлар ва етакчилар кенгаши аъзолари – шижоатли, ташкилотчилик ва ёшларни ўз ортидан эргаштира олиш қобилиятига эга ўқувчилар бир йил муддатга очиқ овоз бериш орқали сайланмоқда. Сўнгги бешинчи босқичда эса Республика сардорлар ва етакчилар кенгаши аъзолари сайланади.

Шунингдек, янги сайланган сардорлар ва етакчилар учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва "Камалак" болалар ташкилоти ҳақида маълумотлар, "Сардор ўзи ким?", "Сардор қандай бўлиши керак?", "Етакчи имиджи" каби мавзуларда ўқув-семинарлар ва машғулотлар ўтказилмоқда. Ўқув йили давомида амалга ошириладиган ишлар режаси белгилаб олинмоқда.

2-Тошкент юридик коллежининг жиноий-ҳуқуқий кафедраси катта ўқитувчиси Сардор Муҳамедов ёшлар етакчиси этиб сайланди.

– Зиммамдаги масъулиятли вазифани бажаришда куч-ғайратим ва салоҳиятим, бор имкониятимни ишга соламан, – дейди С.Муҳамедов. – Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда фаол иштирокчи бўлиш менга чексиз ғурур бағишлайди. Ўз устимда тинимсиз изланиш ҳамда ёшларни атрофимда бирлаштириб, уларнинг орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш, маслакдош бўлишни бурчим, деб биламан.

Тадбирда гуруҳ етакчилари ҳамда етакчилар кенгаши аъзолари сайланди. Уларга янги ташкилотнинг мақсад-вазифалари ҳамда етакчилар зиммасидаги масъулият атрофлича тушунтирилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
1 020






Все о погоде - Pogoda.uz