ЎзА Ўзбек

26.07.2020 Чоп этиш версияси

Сардобаликларга аталган 53 миллион сўмлик маҳсулотни ўзлаштирган шахсга жиноят иши қўзғатилди

Сардобаликларга аталган 53 миллион сўмлик маҳсулотни ўзлаштирган шахсга жиноят иши қўзғатилди

Сардобада сув тошқинидан жабрланган аҳолига кўмаклашиш учун кўплаб инсонпарварлик ёрдами ташкил этилган эди. Аммо бу ёрдамлар ўз эгаларига етиб бормаган ҳолатлар учрагани сир эмас. 

Инсонпарварлик марказига фуқаро М.Ж. Сардоба тумани Қизил ярим ой жамияти раҳбари номидан ҳужжат тайёрлаб келиб, тумандаги 21-сонли мактабга эвакуация қилинган аҳоли учун зарур ноозиқ-овқат маҳсулотларини олган. 

Аммо ҳужжат сохта бўлиб, 53 миллион сўмлик маҳсулот ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритилгани Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Сардоба тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланди. 

Сохта ҳожатбарор эса олган маҳсулотларини аллақачон пуллаб юборган. 

Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Фирибгарлик учун жазо тайинланади, албатта. Бу жазони ўташ қийин ҳам эмас. Лекин ночор аҳволда қолган одамларга аталган маҳсулотларга кўз олайтиришдек очкўзлик, пасткашлик учун, бировларнинг ҳақини еганлик учун бериладиган муқаррар азобдан бундайлар ҳеч қачон қутила олмайди.

11 757
Муаттар Рўзибоева, ЎзА