Сардобада мурожаатлар ҳамкорликда ҳал этилмоқда
Туман Халқ қабулхонасига ўтган 2019 йил давомида 325 та мурожаат келиб тушган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сардоба туман Халқ қабулхонаси томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, мурожаатларни қаноатлантириш борасида, пандемия туфайли жорий этилган карантин чоралари кучайтирилганига қарамай, бир қатор амалий ишлар олиб борилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Туман Халқ қабулхонасига ўтган 2019 йил давомида 325 та мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 81 тасида кўтарилган масалаларни қаноатлантирилиши сўралиб, республика ва вилоят ташкилотларга йўлланган бўлса, 204 таси тумандаги 4 та сектор назорати остида маҳаллий ҳомийлар ва ташкилотлар томонидан бартараф этилган. Мурожаатларда кўтарилган масалалар ҳудудий жиҳатдан бошқа вилоят ва туманларга тегишли бўлганлиги сабабли, 20 та мурожаат тегишли манзилларга юборилган. 20 та мурожаат эса туман Халқ қабулхонасининг ўзида кўриб чиқилиб, ижобий ҳал қилинган.
Ўтган йили фуқаролар томонидан Халқ қабулхонасига қилинган жами мурожаатларнинг 195 таси ёки 60 фоизи ижобий ҳал этилган, мурожаат қилганларнинг 123 нафари ёки 37 фоизига зарур маслаҳат ва тушунтиришлар берилган. Мурожаатларнинг 7 таси ёки 2 фоизи асоссиз бўлганлиги сабабли ҳаракатдан тўхтатилган.
Жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида туман Халқ қабулхонасига 159 та мурожаат келиб тушган. Шулардан юридик ва жисмоний шахслар томонидан кўтарилган 28 мурожаатдаги масалалар туман миқёсида ҳал этилишининг иложи бўлмаганлиги сабаб, вазирлик ва вилоят ташкилотларига юборилган.
118 мурожаат ҳудудий жиҳатдан бўлинишга қараб, 4 та секторга ажратиб, уларнинг раҳбарлиги остида туман ташкилотлари тизмида ҳал этилиши қабулхона назоратига олинган. Шунингдек, 9 та мурожаат туман Халқ қабулхонасининг ўзида кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилган. Мурожаатларнинг 4 таси бошқа вилоят ва туманларга тегишли бўлганлиги сабабли, белгиланган манзилларга юборилган.
Энди бевосита рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, туман Халқ қабулхонасига жорий йилнинг ўтган 7 ойида бўлган жами мурожаатларнинг 95 таси ёки 60 фоизи ижобий ҳал этилган. Бундан ташқари, 39 нафар мурожаат қилганларга ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилган, Халқ қабулхонасига қилинган мурожатларнинг 11 таси ёки 6 фоизи асоссиз бўлганлиги сабабли назоратдан чиқарилган. 14 мурожаат мутасаддилар томонидан ўрганилмоқда.
Фуқароларнинг мурожаатларида кўтарилаётган масалаларни ҳал қилинишини ўрганиш мақсадида Сардоба туманига хизмат сафари уюштириб, қабулхонага мурожаат қилган фуқаролар билан учрашдик.
Жорий йилнинг 25 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сардоба туманидаги Халқ қабулхонасига тумандаги Қўрғонтепа маҳалла фуқаролар йиғини Барҳаёт кўчаси 48-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Нурмуҳаммад Асқаров 1-гуруҳ ногирони бўлган отаси Келдибой Асқаровга 1 дона ногиронлик аравачаси ажратилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган экан. Халқ қабулхонаси мутасаддилари томонидан ушбу мурожаат тезкор кўриб чиқилиб, 4-сектор – туман солиқ инспекцияси билан биргаликда, мурожаат жойига чиқиб ўрганилиб, 5 кунга қолмай, мурожаатчининг отасига, ҳомийлар ёрдамида ногиронлар аравачаси тақдим этилгани маълум бўлди.
– Чорвачилик фермер хўжалигимда 32 бош қорамол боқаман, шулардан 12 боши соғин сигирлар, – дейди Янгиқишлоқ маҳалласи Ишонч кўчаси 16/1-уйда яшовчи чорвачилик фермер хўжалиги раҳбари Фахриддин Тангатаров. – Мақтанчоғликка йўймангу, пандемия даврида аҳолига арзон сут ва гўшт маҳсулотлари етказишга ўзимнинг ҳиссамни қўшиб келаяпман.
Ўтган 2019 йили ғалла режасини ортиғи билан бажариб, ҳосилни “Ховосдон” корхонасига топширган эдим. Аммо салкам 1 йил давомида овора бўлиб, топширган доним учун пулларимни ололмай роса овора бўлдим. Туман Халқ қабулхонасига мурожаат қилгандим, улар яшаш манзилим бўйича 2-секторга қарагани учун шикоятимни туман прокурори Азиз Ўраловга ўтказиб берди. 2-сектор раҳбарининг бевосита аралашуви билан 1 йилдан буён ололмаган 9 миллион 744 минг сўм маблағимни 1 ҳафта нари-берисига қолмай, “Ховосдон” корхонаси ҳисобимга тўлиқ ўтказиб берди. Халқимизнинг муаммоларини қисқа фурсатда ҳал қилиб бераётган қабулхоналарни очиб қўйган, одамларни оғирини егил қилаётган секторларни ташкил этган Президентимизга минг раҳмат.
Бибинор Ўрозова худди шу 2-секторга қарашли Янгиқишлоқ МФЙ Манас кўчасида истиқомат қилувчи Э.Турдиалиева хонадонига Сурхондарё вилоятидан келин бўлиб тушган. Бир неча бор уринишларига қарамай, янги келинни қайнона ўз хонадонига доимий рўйхатга қўя олмабди ва амалий ёрдам сўраб, туман Халқ қабулхонасига мурожаат қилибди.
Ушбу мурожаат қабулхона мутасаддилари томонидан 2-сектор раҳбари, туман прокурори А.Ўраловга етказилгач, мурожаат шу куннинг ўзидаёқ ижобий ҳал қилиниб, сурхондарёлик келин Бибинор қайнонасиникига доимий рўйхатга қўйилибди.
– Ака-ука ва яна бир қўшнимиз – паспорт бўйича Қўрғон тепа маҳалла фуқаролар йиғинида ҳисобда турсакда, участкага жой олиб, уй қуриб яшаш жойимиз, учаламизники ҳам Қўрғонтепага қўшни бўлган Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Қадрият қишлоғида, – дейди мурожаатчилардан бири Камолиддин Назаров. – Жорий йилнинг 1 май кунги сув тошқинидан турар жойимиз жиддий талофат кўриб, ер билан битта бўлиб кетди. Худди бизларга ўхшаб, ҳисобда Қўрғонтепада туриб, ўзлари Дўстлик МФЙ ҳудудига қарашли Қадрият қишлоғидан участка солиб яшаган яна 24 оила сув тошқинидан зарар кўрди. У 24 оилага Президентимиз томонидан ажратилган 40 миллион сўмлик компенсация берилди, бизга, яъни 3 хонадонга эса маблағ берилмади.
Туман Халқ қабулхонасига мурожаат қилган эдик, янглишмаган эканмиз. Халқ қабулхонаси ходимлари банк мутасаддилари билан биргаликда 40 миллион сўм компенсация пулини ҳамда маиший техника учун 10 миллион сўмлик сертификатни 10 кунга қолмай қўлимизга топширди. Президентимиз томонидан очилган Халқ қабулхоналари янада гуллаб яшнайверсин.
Карантин сабабли даромад манбаисиз қолган, тумандаги Наврўз МФЙ Бинокор кўчасида яшовчи Маҳлиё Сиддиқова, Татьяна Холиқова, Олмахон Бошмановаларнинг бир ойлик уй-жой ипотека кредит қарздорлиги Халқ қабулхонасига қилинган мурожаатдан сўнг 1-сектор раҳбари, туман ҳокими А.Хидировнинг ташаббуси билан ҳомийлар жалб этилиб, кредит маблағлари тўлаб берилди.
Хизмат сафаримиз чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти Сардоба тумани Халқ қабулхонасига мурожаат қилган фуқаролар билан учрашганимизда, улар қабулхона ва 4 та сектор ҳамкорликда иш олиб борилаётганлиги учун ҳам туман кесимидаги муаммолар кечиктирилмай ўз ечимини топаётганини алоҳида таъкидлади.