ЎзА Ўзбек

21.04.2020 Чоп этиш версияси

Сардоба сув омбори қошида кичик ГЭС қурилиши бошланди

Сардоба сув омбори қошида кичик ГЭС қурилиши бошланди

Мамлакатимизда экологик тоза, қайта тикланувчи ва барқарор электр энергиясини ишлаб чиқариш, микро, кичик, ўрта ва йирик гидроэлектр станциялари (ГЭС) ни қуриш, мавжудларини модернизация қилиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Гидроэнергетика ресурслари табиий, экологик тоза ва қайта тикланувчи энергия манбаи ҳисобланади. Улардан самарали ва унумли фойдаланишни ҳар томонлама кенгайтириш Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёт стратегиясига тўла мос келади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил 29 январдаги “Сардоба сув омборида кичик ГЭС қурилиши” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори қошида кичик ГЭС қурилиши бошланди.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, “Сардоба сув омборида кичик ГЭС қурилиши” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш 2020 – 2022 йилларга мўлжалланган бўлиб, умумий қиймати 21,3 млн. еврога тенг.

Инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асосланиши белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилган. Инвестиция лойиҳаси Россия Федерациясининг “Росэксимбанки” томонидан тўғридан-тўғри хорижий кредитлар ҳисобига молиялаштирилиши режалаштирилган.

Таъкидлаш жоизки, Россия Федерацияси томонидан бош пудратчи сифатида “Силовые машины – ЗТЛ, ЛМЗ, Электросила, Энергомашэкспорт” компанияси билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказилиб, 19,2 млн. евро эквивалентига тенг шартнома имзоланган. Шунингдек, 3,7 млн. евро эквивалентидаги ўз маблағлари билан “Ўзбекгидроэнерго” АЖ иштирок этади.

Шу ўринда, лойиҳага биноан ГЭСнинг ўрнатилган умумий қуввати 10,7 МВтга тенг. ГЭСда 5,35 МВт дан иборат иккита гидроагрегат ўрнатилиши режалаштирилган. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 41,1 миллион кВт.соатга тенг.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг “1-сон қурилиш дирекцияси” унитар корхонаси инвестиция лойиҳасининг буюртмачи ва ижро этувчиси ҳисобланади.

Жамият томонидан инвестициявий лойиҳалар асосида барпо этилаётган янги ГЭСлар ишга туширилиши натижасида халқимизнинг электр энергиясига бўлган талабининг янада қондирилишига хизмат қилади.

4 129
ЎзА