Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.08.2018 20:28 Чоп этиш версияси

Сарҳисоб: саноқ ва самара

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўтказган матбуот анжуманида тизимдаги янгиликлар, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, бу борада йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш, аҳолининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат муҳофазасини таъминлаш борасида белгиланган чора-тадбирлар ижроси ҳақида маълумот берилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларнинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ жараёнларни тартибга солиш, бу жараённи такомиллаштириш, кафолатланган меҳнат ҳуқуқлари тизимини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани хусусида гапирди.

Маълумотларга кўра, 2018 йилнинг дастлабки олти ойида Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига иш сўраб мурожаат этган 381,7 минг фуқаро ишга жойлашган. 140,2 минг ҳамюртимиз доимий ишларга, 241,5 минг фуқаро эса ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди.

Бандликни таъминлашда мақбул амалиёт – бўш иш ўринлари ярмаркаларини мунтазам ташкил этиш ҳам яхши самара бермоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида 966 бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди. Уларда 54,9 минг фуқаро ишга йўлланма олди.

Тадбирда таъкидланишича, жорий йилнинг олти ойида мингга яқин ногирон, 1,3 минг жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилганлар иш ўринларига эга бўлишди.

Жорий йилнинг биринчи чораги давомида ҳудудлардаги Давлат меҳнат техник инспекторлари ва меҳнат шароитлари экспертлари томонидан семинарлар ташкил этилмоқда, оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар қилинмоқда. Фуқароларнинг меҳнат муҳофазаси янада кучайтирилмоқда.

Матбуот анжуманида ўтган 6 ой давомида 40 дан ортиқ мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланган ва маъмурий жавобгарликка тортилгани айтилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
4 916