ЎзА Ўзбек

30.08.2018 20:40 Чоп этиш версияси

Сарҳисоб: манфаат ва мақсад

Сарҳисоб: манфаат ва мақсад Миллий матбуот марказида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ўтказган тадбирда углеводород хомашёсини қайта ишлаш, аҳолини ва халқ хўжалиги комплексларини нефть маҳсулотлари ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Президентнинг 2017 йил 30 июндаги «Нефть-газ соҳасининг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бугунги кунда нефть-газ саноати соҳасини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Маълумотларга кўра, “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти тизимида 82 суюлтирилган газ тўлдириш станцияси бор. 650 тадан ортиқ махсус автотранспорт суюлтирилган газни аҳолига етказиб беради. Шунингдек, қўшимча равишда 234 вагон-цистерна, 121 автоцистерна ижарага олинган.

Жорий йилнинг саккиз ойида истеъмолчилар 260 минг тоннага яқин суюлтирилган газ, 436 минг донадан зиёд газ баллони билан таъминланди. Йил охиригача яна 140 минг тоннадан зиёд суюлтирилган газ, 200 минг донага яқин газ баллони етказиб бериш кўзда тутилган.

Нефть ва газни қайта ишлаш, нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича берилган маълумотга кўра, ўтган саккиз ойда нефтни қайта ишлаш заводларида 2 миллион тоннадан зиёд хомашё қайта ишланган. Натижада 700 минг тоннадан зиёд автобензин ва дизель ёқилғиси, 60 минг тоннага яқин нефть мойлари, бошқа нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилган.

Даврон Суннатов, ЎзА
2 299