ЎзА Ўзбек

24.07.2018 17:00 Чоп этиш версияси

Сангардак шаршараси ҳақида эшитганмисиз?

Сангардак шаршараси ҳақида эшитганмисиз?
Бир вақтнинг ўзида йилнинг тўрт фаслини кузатиш мумкин бўлган жой ҳақида эшитганмисиз?! Заррин қуёш нурлари остида жимжимадор ёмғир ёғишини-чи? Қаттиқ шамол аралаш нақд жала қуйиб турган пайтда бобо қуёш самода жилмайиб туришини-чи?! 

Бундай ноёб мўъжизани бир вақтнинг ўзида кузатиш мумкин бўлган жой узоқларда эмас, юртимизда. Бу ранг-баранг наботот ва турфа ҳайвонот олами, минглаб булоғу чашмалари билан ном қозонган Сурхондарё вилоятидаги Сангардак дараси ва шаршарасидир. 

3.jpg

Шаршарадан ўйноқлаб тушаётган сув жозибасига қишин-ёзин кўрк бағишлаб турувчи сумбула ўтлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Табиатнинг бу гўзал туҳфаси қиш фаслида ҳам шаршарага ўзгача хусн бағишлаб туради. Суви музлаб, биллур шодалари сингари баҳайбат сумалак ҳосил қиладиган шаршара бағридаги сумбула ўтлари шунчаки ўсмайди. Маҳаллий аҳолининг айтишича, қадимда гўзалликда тенгги йўқ бир ҳурлиқо севгисига эришолмагач, тоғ шаршараси “унгури”, яъни бағрига кириб ғойиб бўлган. Унинг майда ўрилган сочлари ўрнидан сумбула ўсиб чиқади. Ҳозиргача бу сумбула ўтлар шаршара бағрида девор бўлиб ўсиб турганига гувоҳ бўлиш мумкин. Унинг баргидаги маржон томчилар ўша сулув қизнинг кўз ёшлари эмиш. 

Денгиз сатҳидан 2000 метр баландликдан отилиб тушувчи шаршара табиатнинг фусункор мўъжизасидир. Атрофдаги қояларга урилиб юксакликдан оқадиган шаршара кўзни қувонтиради. Мисли камалакдек товланиб, сачраётган зилол сув баҳри дилингизни очиб, хуш кайфият бағишлайди. Унинг суви совуқ бўлса-да, саломатликка зиён қилмайди, аксинча, вужудни тетиклаштиради. Шаршаранинг товуши асабни тинчлантириб, юракка қувват беради.

4.jpg

7.jpg

8.jpg

11.jpg

19.jpg

20.jpg

Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА
9 614