ЎзА Ўзбек

19.11.2019 Чоп этиш версияси

Санъатимиз Японияда ҳам юксак қадрланади

Санъатимиз Японияда ҳам юксак қадрланади

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев бошчилигидаги делегация Японияга расмий ташриф билан борди. 23 ноябргача давом этадиган сафарда турли учрашувлар, ўзбек санъаткорлари иштирокидаги концерт дастурлари ўтказилади.

Японияликлар томонидан Осака Халқаро аэропортида делегация вакиллари кутиб олинди. Сўнг Майдзуру шаҳрида жойлашган Қизил ғишт музейига ташриф буюрилди. Мазкур музейда дунёнинг машҳур иншоотларини барпо қилишда ишлатилган ғишт ва тошлар мавжуд. Тошлар тўплами 20 йилдан кўпроқ вақт давомида тўпланган. Римдаги Колизей, Берлин девори, Прага консерваториясининг тошларини ва, энг қувонарлиси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрининг ғиштини ҳам бу ерда учратиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Майдзуру шаҳри мэри Рёзо Татами билан учрашди.

Учрашувда ўзбек санъати ва маданияти Кунчиқар юртда ғоят қадрланиши алоҳида таъкидланди. Томонлар ўзбек-япон маданий муносабатларининг ривожланиб боришида қайси омилларга кўпроқ эътибор қаратиш лозимлиги, икки давлат маданиятининг ўзига хос хусусиятлари, ўхшашлик ва фарқлари ҳақида суҳбатлашди.

Майдзуру шаҳрида ўзбек санъат усталарининг концерт дастури бўлиб ўтди. Кунчиқар юрт томошабинларига тақдим этилган мусиқий дастур ғоят ёрқин, завқли, миллий руҳи билан санъат ихлосмандларида катта таассурот уйғотди.

Концертда Ўзбекистон халқ артистлари Самандар Алимов, Аваз Ражабов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Амина Бобожонова, Нодира Ҳамроева, Кирилл Борчанинов, “Тумор” рақс ансамбли, “Сато” ансамбли, Улуғбек Олимов ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри артистлари ўз ижро маҳоратлари билан томошабинларнинг олқишлари, эътибори ва эҳтиромига сазовор бўлдилар.

1 154
Н.УСМОНОВА, ЎзА