ЎзА Ўзбек

31.07.2018 23:05 Чоп этиш версияси

Санъат халқни буюк мақсадларга ундаши зарур

Театр фидойиларининг айтишича, мустақиллигимиз арафасида театрларимиз биноси эскирган, маошу қалам ҳақи кескин камайган, хуллас, жуда оғир пайтларни бошдан кечирган. Бугун кулгили туюлар, лекин ўша пайтлар оддий декорация ясаш ҳам катта муаммо бўлган. Агар озгина эътиборсизлик бўлса, ўзбек театри бутунлай йўқолиб кетиши мумкин эди. Шундай бўлса-да, давлатимиз энди оёққа тураётган ўта оғир паллада театр санъати изчил қўллаб-қувватланди – ўзбек театрининг мақоми белгиланди, янги театрлар ташкил этилиб, аксарияти учун янги бинолар барпо этилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 август куни миллий маданиятимиз намояндалари, ижод аҳли билан учрашуви айнан театр соҳасида ҳам янги босқични бошлаб берди.

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев бу ҳақда қуйидагиларни гапириб берди:

– 2017 йил 3 августда Президентимиз мамлакатимиздаги ижодкор зиёлилар билан учрашув ўтказди. Бу ижодий руҳдаги учрашув ўз самарасини берди. Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган танқидий фикрлар, қўйилган вазифалар ўз ўрнини топди. Бошқа соҳадаги учрашувлар, йиғилишларда ўша соҳадаги камчиликларни рўй-рост кескин айтган бўлса, биз санъат аҳлининг елкамизни силаб, камчиликларимиз, озгина мудроққа кириб қолганимизни эслатиб қўйди. Шу кундан буён ижодий жамоамиз, яъни Миллий академик драма театри вакиллари ишга бўлган муносабатимизни бутунлай ўзгартирдик. Спектакллар устида ишладик, халқ билан мулоқот қилдик. Вилоятларга бордик. Чекка ҳудудларда халқ билан учрашувлар ўтказдик, гастроль сафарларида бўлдик. Хорижий давлатларга ҳам бориб, турли халқаро театр фестивалларида қатнашдик. Қозоғистон, Арманистон, Қирғизистон давлатларида қўйилган спектаклларимиз халқ олқишига сазовор бўлди. Бу бизнинг руҳимизни кўтараяпти, қувонтираяпти, кўпроқ ишлашга ундамоқда.

Бу йилнинг ўзида 4 спектакль намойиш этилди. Ҳали йил якунигача яна бир қанча спектакль яратиш ниятидамиз. Буларнинг барчаси ўша кунги учрашувдан кейинги ўзгаришлардир. Бу ўзгаришлар, янгиланишлар, нафақат санъат, маданият соҳасида балки барча соҳада бўлмоқда. Ҳаётга, ишга, инсонларга бўлган муносабат тубдан ўзгариб бораётир. Ёшларга бўлган талаб кучаяётир. Ёшлар шунга жавоб беришга ҳаракат қилаяпти. Бу жиҳат бизнинг театримизда ҳам кўзга ташланади. Масалан, “Ревизор”, “Оқ кема” спектаклларидаги ролларни деярли ёшлар ижро этди ва муваффақият қозонди. Ёшлар ҳар бир ўйнаган спектаклида ўз маҳоратини ошириб боришга ҳаракат қилаяпти. Ўзбекистон театр арбоблари уюшмасининг қайта ташкил этилгани ҳам соҳага бўлган муносабатнинг яхшиланганидан далолат беради. Биз бунга қандай жавоб беришимиз керак? Бугун халқимизнинг турмуш шароити ўнгланиб, онги ўзгарган паллада энди ижодкор зиммасида фақат бир вазифа – юксак савияли асар яратиш қолди. Биз буни бекаму-кўст амалга оширишимиз керак. Олди-қочди спектакллар эмас, балки инсонларнинг қалбига йўл топадиган ва улар соғиниб, қайта-қайта кўрадиган спектакллар яратишимиз зарур.

Қозоғистоннинг Остона шаҳрида халқаро театр фестивали бўлди. Ана шу фестивалда “Иймон” спектакли билан иштирок этдик. Бу спектакль жуда катта олқишга сазовор бўлди. Франциялик, италиялик, инглиз театр вакиллари спектакль бўйича ўзларининг илиқ фикрларини билдирди. 

Бизда тарихий шахслар, буюк мутафаккир бобокалонларимизнинг қаҳрамонлари акс этган спектакллар яратиш бўйича ҳам ишлар олиб борилаяпти. Масалан, “Мирзо Улуғбек”, “Алишер Навоий” спектакллари қайта қўйилди. Яна бир қатор тарихий спектаклларни қўйишни режалаштирганмиз. Чунки, ўзбек тарихини саҳна орқали намойиш этиш ва томошабин бундан қандайдир ибрат олиши бизнинг ютуғимиз.

Спектаклларда бугунги кун нафаси, одамларни ўйлантираётган, ҳаяжонга солаётган жиддий ижтимоий муаммолар ўз аксини топиши жамиятимиздаги иллатларга қарши курашишда жуда муҳим. Чунки халқ бу иллатларга муросасиз бўлмас экан, бундай муаммоларнинг илдизи қуримайди. Президентимиз замонавий қаҳрамон образини яратиш масаласини яна бир бор кун тартибига олиб чиққанининг сабаби шу: санъат омма орқасидан эргашиб кетмаслиги керак, аксинча халқни буюк мақсадларга ундаши зарур.

Нурилло Насриев ёзиб олди, ЎзА
3 346