Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.01.2018 14:46 Чоп этиш версияси

Самовий тулпорларимизга кимларнинг кўзи ўйнамаган ...

Самовий тулпорларимизга кимларнинг кўзи ўйнамаган ... От минган чавандоз қиёфасидаги мағрурлик ва улуғворлик, кўзларидаги шижоат ва мардлик, вужудига сингган довюраклик ва ғалабага бўлган ишонч буюк аждодларимиз – Алпомиш, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур ва Заҳриддин Муҳаммад Бобурнинг пинҳоний сиймоларини эслатади.

Чавандоз ва қорабайир зотли арғумоқнинг бир-бирига уйғунлиги тарихнинг не-не олатасир даврларида от сурган боболаримизни эслатади. Бугун фақатгина кўпкари майдонларида кўриниб турадиган афсонавий қорабайир отлари қадим замонларда улкан муҳорабалар тақдирини ҳал этгани маълум ҳақиқат. 

Тоғ ва саҳро туташган, доимо қизғин савдо йўлида жойлашган, ҳарбий тўқнашувлар макони бўлган Ўрта Осиёда асрлар бўйи асл зотли тулпорлар етиштириш тажрибаси тўпланган. Аҳалтака, ёвмид ва қорабайир отлари ҳақли равишда жаҳон йилқичилигининг гавҳари ҳисобланади. Хусусан, қорабайирлар на тоғ, на даштни писанд қилади. Очлик ҳам, сувсизлик ҳам уларга пеш эмас. Изғирину жазирамага ҳам парво қилмай йўлнинг танобини тортиб бораверади, қорабайирлар учун масофанинг узоқ-яқинлиги аҳамиятсиз. 

Фараз қилинг, куни билан 20 километр йўл юрган одам шу масофани отда тахминан бир соатда босиб ўтади. Бу бор ҳақиқиқат! Бироқ, отни ким ва қаерда хонакилаштиргани анчайин баҳсли масала. 

Тарихчи олимлар бу масалада бир қарорга ҳамон келиша олгани йўқ. Бироқ, тарих отаси Ҳеродотнинг ёзишича, массагетлар асл тулпорлар етиштирган ва уларнинг арғумоқлари узоқ-яқин халқлар йилқичилигига ижобий таъсир кўрсатган. Хусусан, Шимолий Африкада кенг тарқалган отларда Ўрта Осиё арғумоқларининг белгилари борлиги аниқланган. 

Таъкидлаш керакки, қорабайирнинг пайдо бўлиши ўзбек халқининг тарихи билан узвий боғлиқ. Халқ селекцияси маҳсули бўлган ушбу зот ўзгарувчан табиий иқлим шароитларига мослашувчанлиги, чопқирлиги, кучлилиги билан ажралиб туради. Ташқи кўриниши эса ниҳоятда кўркам. Аждодларимиз отларини ҳам ўз ҳарактерларига қараб тарбиялашган. Қорабайир арғумоқлар дадил, чаққон, чидамли, мағрур, жасур, учқур, зийрак, садоқатли, эгасининг ҳақиқий дўсти, одатда, оиланинг тенг аъзосидир.

Бизнинг самовий тулпорларимизга кимларнинг кўзи ўйнамаган дейсиз. Эрон подшолари, юнон-македон аслзодалари, Хитой императорлари. ... Чин солномаларида қайд этилишича, Ўрта Осиё давлатларининг ўтроқ аҳолиси эрамиздан аввалги даврларда ҳам довруғи довон ошган арғумоқ отларни кўпайтириш билан шуғулланган. 

Европа киноларида кўргансиз: бўйинларини гажак қилиб, чиройли қадамлар билан юрган отларни. Бир қараб, ҳавасинг ҳам келади. Лекин лўкиллаб қадам ташлаётган отда ўтирган одамга осон эмаслиги ҳаёлингиз кўчасига кирмаган бўлса керак. Бундай йўртоқи отлар эгасини чарчатиб қўяди. Қорабайирлар эса сиёсат юриш қилолмаслиги рост. Чунки улар кўпроқ йўрға бўлади. 

Йўрға дегани шундайки, эгарининг устига бир коса сув қўйсангиз, текис йўлда бир томчисини ҳам тўкмай манзилга етказади. 

Бундай отлар майда қадам ташласа ҳам, соатига бемалол 9-10 км йўл босади. Чўл ёки тоғ шароитида манзилга машинадан тезроқ етиб бориши мумкин. Қолаверса ичингиз тўкилмайди, чарчамайсиз. Бугунги кунда Ғарбий Европада қорабайирларнинг мана шу ҳислати кўпроқ манзур бўлаётган экан. Сайру саёҳат учун жуда бопда, бу йўрға отлар. 
 
Қорабайир юк ташишга мўлжалланган зотдор оғир отлардан қолишмайди, чопқирлик бобида эса тоза қонли учқур тулпорлар билан баҳс бойлашади. Х1Х асрда юртимизга келган сайёҳ Н. Северцов ўз эсдаликларида салт миниладиган қорабайир ҳақида алоҳида тўхталган: “Бу ажойиб от деярли ҳеч нима емай икки суткада 340 верст йўл босиб келган. Шунга қарамай ҳали ҳам бардам: дам пишқириб, довюрак эгасига ўйноқилайди, дам олдини кўтариб, орқа оёқларида туради ”.

Сайёҳнинг гапидан маълум бўладики, қорабайир кунига 170 верст йўл босган. 1 верст-1 километрдан кўпроқ демакдир. Араби бедовлар ҳам бир кунда 150-160 км масофа юрган, халос. Қолаверса, қорабайир отида ёғ метаболизми нисбатан кучли, яхши боқилса, қорнига ёғ тўплаб, кейин унинг ҳисобидан кунлаб емиш емай, сув ичмай йўл юраверади.

Қорабайир дейилса, кўпчилик кўз ўнгига ранги қора от келади. Йўқ, қорабайир йилқи зотининг номи. Илмий адабиётларда айтилишича, “қорабайир” сўзи “хонаки от”, “жайдари от” маъноларини билдиради. 

Яна бир фикр: туркий элатнинг афсонвий ҳукмдори Алп Эр Тўнганинг форсча номи –Афросиёб. Бу сўз ҳам “қора отли киши” маъносини бериши илмий адабиётларда қайд этилган.

Фарғона наслли арғумоқлари ва уларнинг хитойдаги тақдири билан танишиш истагида бўлсангиз сайтимизни кузатиб боринг.

Сайёра Шоева, ЎзА
8 343