ЎзА Ўзбек

04.07.2020 Чоп этиш версияси

«Самосуд»нинг илдизи қаерда?"

«Самосуд»нинг илдизи қаерда?"

"Коронавирус пандемиясининг янада чуқурлашиб бориши шароитида тараққий этган мамлакатлар ўз ҳудудларида саноат ишлаб чиқаришини қайтадан ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда. Бу йирик компаниялар учун хавфларни камайтириши мумкин, аммо ривожланаётган давлатлар у ёқда турсин, илғор иқтисодиётга эга мамлакатларнинг ишчи ва хизматчиларига ҳам катта фойда келтирмайди, — дейилади. «Янги Ўзбекистон» газетасида эълон қилинган «Саноат сиёсати стратегияси — миллий иқтисодиёт барқарорлигининг муҳим омили» сарлавҳали мақолада. — Коронавирус пандемиясининг кучайиши асносида глобал логистик занжирларга хос бўлган муаммолар ўзини ҳар қачонгидан ҳам яққолроқ намоён қила бошлади. Авваллари ривожланган иқтисодиётга эга мамлакатларнинг бизнес компаниялари ўз эътиборини ишчи кучи арзон ва кўп давлатларга қаратган бўлса, эндиликда улар ўз лойиҳаларини энг паст ҳақ тўланувчи ходимлар томонга бурмоқда...".

«Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган Менгнор Олломуродовнинг «Жануб дарвозаси — Сурхондарё ислоҳотлар кўзгусида» сарлавҳали мақоласида эса қуйидаги мулоҳазаларни ўқийсиз:

«Сурхондарёда саноат корхоналари нега кам?» дердик бундан 3-4 йил олдин баъзан бир-биримизга боқиб.

— Сурхондарё, бу — қишлоқ хўжалиги вилоятида...

— Ер ости бойликлари ўрганилмаган. Шунинг учун...

— Пойтахтдан узоқ... Тошкентдан Термизга ё Шерободга ё Жарқўрғонга заводни, фабрикани олиб келиш осонми? Минглаб ишчилар, хизматчилар ишлайдиган саноат корхоналари аҳоли зич, кўп яшайдиган вилоятларда қурилади. Сурхондарёда икки миллиондан ортиқ аҳоли бор. Баъзи вилоятларда тўрт миллион аҳоли яшайди. Сурхондарёда ер кўп, ҳудуди катта...

Бу жавобларда қандайдир жон бордек туюлади. Лекин ҳаётни ўзгартиришга, тараққиётга булар тўсиқ бўлиши мумкинми? Асло йўқ! Аслида, пахтани ўзида етиштириб, пайпоқни минг километр узоқдан, транспорту ёнилғи харажатига куйиб, ташиш иқтисодиётга қанчалик фойдали?! Оддий цемент икки минг километр олисдан келтирилса, қурилиш саноати нечоғли жадал равнақ топади?! Шубҳасиз, фикрлайдиган ҳар қандай инсон бундай ҳолатлар фақат зиёнга «ишлаши»ни дарҳол англайди..."

"Бугун инсонларни ҳайратлантириш бироз мушкул иш бўлиб қолди, — деган жумлалар билан бошланади «Адолат» газетасида эълон қилинган «Самосуд»нинг илдизи қаерда?" сарлавҳали мақола. — Одатга кўра барчамиз уйқудан турибоқ интернет оламига шўнғиймиз. У ерда бўлаётган ишларни кўриб, олдинига ёқа ушласак, кейинчалик ҳар хил даҳшатли воқеаларни кузатавериб, кўзимиз ҳам ўрганиб қолади, ҳаттоки таъсирланмай қўямиз. Аслида, энг ёмони ҳам шу эмасми?

Тавба, биз қачон бу аҳволга келиб қолдик, олдинлари ҳам шундай хунрезликлар содир этилганмикан ёки биз бехабар бўлганмизми, деган саволлар туғилади. Шу пайт ёшлигимда отамдан «Нима учун ҳаётда ёмонликлар ҳам борлиги ҳақида бизга айтмагансиз?» деб ранжиганим ёдимга тушади. Отам эса босиқлик билан: «Болам, ёмонлик ва яхшилик ёнма-ён юради, лекин мен сизларга фақат яхшилик ҳақида гапирдим, негаки, одамларга яхшилик қилишларингизни истадим...»

«Овози тожик» газетасида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад таваллудининг 100 йиллигига бағишланган материал эълон қилинган. Унда муаллиф М. Шодиевнинг буюк адиб ҳақидаги фикрлари, асарлари ҳақидаги мулоҳазалари ўқувчиларга тақдим этилган.

Камбағал бўлиш айб эмас, дейишади. Тўғри. Лекин, шундай бўлса нега ҳеч кимнинг камбағал бўлгиси келмайди? «Тошкент ҳақиқати» газетасида эълон қилинган «Камбағаллик айб эмас, лекин...» сарлавҳали мақола муаллифи: «Шундай тоифадаги кишилар борки, улар иш йўқлигидан нолишади. Лекин иш топиб берсангиз, баҳона излайди, корингга ишлатгин, деб кўмак ажратсангиз, »Менга кам тегди«, дейди, томорқангга эккин деб, ерини ҳайдаб, уруғлигини берсангиз, ишловини қилмайди, чорвангни кўпайтир деб мол берсангиз, сотиб юборади...» деб ёзар экан, ўз мулоҳазаларини аслида бугун камбағалликни бўйнига олаётганлар ишёқмас, дангаса, имкониятлардан фойдаланишни истамаётган кишилардир, дея хулосалайди.

Бўстонлиқда бузилган 594 та турар ва нотурар жойлар нима учун ноқонуний, ўзбошимча қурилмалар деб топилган эди? Унинг эгалари нималарни даъво қилишяпти? Ижтимоий тармоқлар «хусусий мулкка тажовуз» деб бонг ураётган адолат ва ҳақиқатнинг мезони нимада? Бу каби саволларга «Кўрган бошқа, эшитган бошқа» сарлавҳали материалда жавоб берилган. 

***
Янги рукн ва мақола ҳақидаги фикр, таклиф ва истакларингизни pochta@uza.uz манзилида кутиб қоламиз.

ЭСЛАТМА: эртага ҳафта давомида матбуотда қайси мавзулар қандай ёритилганини «Адолат» газетаси Бош муҳаррири Ислом Ҳамроев шарҳлайди.

5 963
ЎзА