ЎзА Ўзбек

15.07.2020 Чоп этиш версияси

СамДУ нинг қутлуғ ёши

СамДУ нинг қутлуғ ёши

Самарқанд давлат университети ректори, техника фанлари доктори, профессор, Сенатор Рустам Холмуродовнинг «Тамаддун дарёси ҳамон оқмоқда равон», «Ўзбекистонда илм-фаннинг янги Ренессанс даври бошланмоқда» маыолаларини ўқиб 1959-1963 йиллардаги бахтли талабалик даврим кўз олдимда гавдаланди.

Устозларимнинг илмий, тарбиявий ўгитлари, университетга ректорлик қилган Аҳрор Тўлаганов, Воҳид Абдуллаев, Мавлон Жўрақулов, Темир Ширинов, Рустам Ибрагимович Холмуродов билан бўлган учрашувлар, суҳбатларни эсладим.

Жонажон университетимга бош-қош бўлиб, унинг кўркам, тарихий салобатини ўз жойига қўйиш, бу илм даргоҳининг босиб ўтган 600 йиллик ибратли, шонли йўлини илмий, тарихий, маънавий, ижтимоий-сиёсий, маънавий жиҳатдан асослаб бераётган, университетнинг чин тарихини тиклаш борасида тинмай фаолият кўрсатаётган ажойиб, миллатпарвар, ватанпарвар Рустам Ибрагимович Холмуродов тарихимизнинг оғриқли, армонли саҳифаларидан бири – диний ва дунёвий илм маскани бўлган университетларнинг ўтмиши ва бугуни ҳақидаги ниҳоятда долзарб масалани кўтариб чиққанлигидан бениҳоя таъсирландим. 

Биз тарихчилар гарданидаги ана шу муаммони шахсан ўзи кенг илмий жамоатчиликка ҳавола қилиши ўзига хос жасорат эканини таъкидлаш жоиздир. Илму фан заҳматкаши, ташкилотчиси, фидойиси бу инсоннинг ўртага ташлаган дунёвий аҳамиятга молик бўлган университетлар ўтмиши ва бугуни ҳақидаги асосли фикр-мулоҳазалари, таклифлари ҳар қанча таҳсинга сазовордир. Ишчан, ташкилотчи, истиқболни кўра билувчи, инсонпарвар, юртпарвар илму фан тараққиёти йўлида тиним билмасдан меҳнат қилаётган, ижод этаётган устознинг бутунлай янгича тамойил билан фаолият кўрсатаётганига дўстона ҳавасим келади. 

Самарқанд Давлат университетининг ўтмиши ва бугуни, битта ҳудудда жойлашуви, тарихий, меъморий иншоотлар, асрлар оша бизгача етиб келган қўлёзмалар, нодир асарлар, маънавий муҳит, анъаналари, қадриятларига кўра Самарқандда 1420 йилдан фаолият кўрсата бошлаган Мирзо Улуғбек мадрасаи олиясининг вориси эканини асослашдек шарафли ишни ниҳоясига етказиш Рустам Холмуродов чекига тушганидан бениҳоя қувондим. Мана эндиликда биз англаб, юртимизда фаолият кўрсатган олий мадрасалар бугунги кундаги олий таълим муассасаларининг аждоди экани, жаҳон тамаддунида ўзбек халқининг тутган ўрни ва роли бениҳоя улканлигини аниқ, равшан ҳис этаётганимиз асослаб берилганидан ҳар бир илм аҳли беҳад хурсанд. 

Муаллифнинг Ғарбдаги университетлар тарихи билан мусулмон Шарқидаги университетларнинг пайдо бўлиши айнан бир хил бўлганлиги ҳақидаги фикри эътиборга лойиқдир. Ғарбдаги университетлар аввал талабаларга диний таълим бериш мақсадида ташкил этилганини асослаб, худди шундай жараён мусулмон шарқида хам юз берганини илмий қиёслаб асослаб берган. Ғарбда университетлар ташкил топган саналар тўғри белгилангани ҳолда, Шарқдаги, хусусан, Ўрта Осиёдаги университетлар санаси бузиб кўрсатиб келинган эди. Чунки муаллиф таъкидлаганидек, ҳар икки ҳолатда ҳам дастлабки университетлар диний таълим негизида юзага келган ва секин-аста дунёвий таълим, фан, маданият асосида замонавий университетлар ташкил топган. 

Бироқ, Ўрта Осиё ҳудудида Чор Россияси подшоҳлиги ва собиқ шўролар мустамлакачилиги қарор топган даврда диний таълим ман қилинган. Шу боис мадрасаларимиз, яъни университетларимиз тарихи сохталаштирилган, бузиб талқин қилинган. Ҳатто яқин мустақиллик даврида ҳам мазкур масала ўз ечимини топмаган эди. Кейинги уч-тўрт йил давомида барча соҳалар каби таълим, тарбияда ҳам мислсиз ижобий ўзгаришлар, буюк ислоҳотлар юз бермоқда.

Бунда Президентимизнинг ўзбек халқининг тарихи, қадрияти, жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини рўй-рост, бутун бўй-басти билан кўрсатиш, тарғиб қилиш ва мана шу бузилган, сохталаштирилган тарихни ўз жойига қўйиш борасида қилган ҳаракатларининг ўрни ва роли бениҳоя каттадир. Буюк тарихимиз бор, ҳавас қилса арзийдиган меросимиз бор, ана ўшаларни кўз-қорачиғидек асрашимиз керак ва бутун халқни, ёшларни ватанпарварлик руҳида, юртга садоқат руҳида тарбиялаш бўйича ташкилий ва амалий тадбирлар кўраётганлигининг шоҳидимиз.

Президентимиз тарихчилар эътибор бермаган, нигоҳидан тушиб қолган кўплаб тарихий муаммоларни ўртага рўй-рост, кўндаланг қўйиб, уларни қунт ва сабот билан ўрганиш зарурлигини, халқимизнинг ўз Ватанига бўлган меҳр- муҳаббати ниҳоятда катта ва кучли бўлиши кераклигини, тарихимиз орқали ўзбек халқи ким бу ўзи, қанақа халқ, қанақа миллат эканини дунё халқига тушунтиришимиз, ўзбекнинг қадди-қоматини, кўкрагини кўтариб қўйиш борасида ҳар доим кўҳна тарихимизга мурожаат қилиб, шу тарихни тўғри ёритиш, у билан фахрланиш, бу тарихни дунё узра тарғиб ва ташвиқ этишга бениҳоя катта аҳамият бермоқда.

Университет ёшини 600 йил билан белгилаш бўйича бағоят долзарб масала тўғрисида илгари сурган илмий концепцияси, тарихий воқеалар бугуннинг вазифаси эканини ҳар бир ўзбекистонлик тўла-тўкис англаб етиши зарурлиги тўғрисидаги ана шу талабга бевосита илмий ва амалий жавобдир.

Муаллиф бир қанча ишончли манбаларга суяниб Улуғбек мадрасаи олияси ташкил топган санани 1420 йил 21 сентябрь деб белгилашни хар жиҳатдан асослаган. Бу масала бўйича Самарқанд Давлат университетида шу йилнинг 16-17 июнь кунлари «Самарқанд давлат университети – Мирзо Улуғбек мадрасаи олиясининг вориси» мавзусида халқаро онлайн илмий анжуман ўтказиш тадбири ҳам жуда долзарбдир. Шу боис мазкур масала бўйича айрим таклифларни билдиришни лозим билдик.

Биринчидан, Самарқанд Давлат университети тарихини 1420 йил 21 сентябридан деб белгилаш ҳар томонлама мақсадга мувофиқдир.

Иккинчидан, Самарқанд Давлат университети номини Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд Давлат университети деб номлаш ҳам мақсадга мувофиқдир.

Учинчидан, Ўзбекистондаги барча университетлар тарихини янгидан, янгича концепция, янгича ёндашув асосида яратиш муҳим долзарб вазифадир.

Тўртинчидан, олий таълим муассасалари ўқув режасига «Ўзбекистон университетларининг босиб ўтган тараққиёт йўли ва босқичлари» махсус курсини киритиш лозим.

Бешинчидан, ҳар бир вилоятда Ўзбекистон университетларида таълим-тарбия топган улуғ сиймоларнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаси тарихини акс эттирувчи тарихий музейлар яратиш.

Рустамбек Шамсутдинов,
Андижон Давлат университети профессори, тарих фанлари доктори

2 930
ЎзА