ЎзА Ўзбек

05.08.2020 Чоп этиш версияси

СамДУ Мирзо Улуғбек мадрасаи олиясининг вориси

СамДУ Мирзо Улуғбек мадрасаи олиясининг вориси

ЎзА сайтида 2020 йил 5 июлда Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенат аъзоси, техника фанлари доктори, профессор Рустам Холмуродовнинг “Ўзбекистонда илм-фаннинг янги ренессанс даври бошланмоқда” мавзусидаги мақоласи эълон қилинди.

Мақолада муаллиф нафақат тарихчи олимлар, балки бутун илм аҳли, зиёлилар орасида ечимини кутаётган муаммолардан бири – олий таълим тарихини тадқиқ этишдек долзарб масалани кўтарган. Самарқанд Давлат университетининг ёши 1420 йилда асос солинган Мирзо Улуғбек мадрасаси ворисийлик анъаналарига кўра 600 йил, деган илмий хулосаларни берган.

Жаҳон цивилизациялари тарихига назар ташлайдиган бўлсак, дунё тарихида қадимги даврлардан бошлаб фаолият кўрсатган олий мактаблар, мадрасалар ва университетлар бугунги тасаввуримиздаги университетлар каби ташкил этилиб, фаолият юритмаган бўлса-да, улар ўз даври учун юксак инқилобий воқелик бўлган. Аксарият кўпчилик тадқиқотчиларнинг олий таълим даргоҳлари дастлаб Европада пайдо бўлган ва бошқа ҳудудларга тарқалган мазмунидаги фикрлари асосли эмас. Сабаби, олий таълимнинг пайдо бўлиши кўп ҳолларда ҳудудлардаги фаол тарихий-маданий жараёнлар, ижтимоий-иқтисодий барқарорлик билан бевосита боғлиқ бўлганлиги маълум. Лекин муаллиф ўз мақоласида олий таълим тизими даставвал қаерда пайдо бўлди, деган масалани кўтармайди. Чунки, бу алоҳида ўрганилиши лозим бўлган муаммо.

Биз эътибор бермоқчи бўлган масала шундаки муаллиф тўғри таъкидлаганидек, юртимиздан жаҳон цивилизацияси тараққиётига улкан ҳисса қўшган кўплаб алломалар бугунги Ўзбекистон ҳудудидан етишиб чиққан. “Лекин, табиий бир савол туғилади: ушбу инсонлар ақл-тафаккур, илм-фан, маънавият-маърифат бобида қандай қилиб бундай олий мақомга эришган? Улар қаерда ўқиган, кимлардан таълим олган?” Илмий-маърифий нуқтаи назардан ниҳоятда ҳақли саволлар.

Муаллиф кўтарган мавзу айни шу каби саволларга жавоб беради. Унда Самарқанд Давлат университетининг Мирзо Улуғбек мадрасасининг вориси сифатида фаолият кўрсатиши ва унинг давомчиси ҳамда унинг дунё илм-фанига қўшган муносиб ҳиссаси илмий жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинган.

Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасасига 1420 йилда Амир Темурнинг невараси Мирзо Улуғбек Муҳаммад Тарағай асос солган бўлиб, 2020 йил 21 сентябрда ушбу мадраса ўз фаолиятини бошлаганига 600 йил тўлади. Мирзо Улуғбек мадрасаси диний билимлар қатори аниқ ва табиий фанлардан дарс берган 200 дан ортиқ олимларни ўз атрофида бирлаштирган университет бўлганлиги шубҳасиз. Улар орасида Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий, Али Қушчи, Шамсиддин Муҳаммад Хавофий, Ғиёсиддин Жамшид Коший, Абдураҳмон Жомий каби йирик олимлар бор эди. XX аср бошларида ўз замонасининг етук алломалари Хубий, Васлий Самарқандий каби олимлар турли фанлардан дарс берган. Фаолияти давомида турли сиёсий жараёнлар ва тарихий бурилишларга қарамай Мирзо Улуғбек мадрасаси фаолияти узлуксиз равишда 1920 йилга қадар давом этган ва мадраса замирида шаклланган педагогик йўналишдаги олий ўқув юрти фаолияти давомида 1927 йилдан бошлаб Самарқанд Давлат университети шаклланиши учун замин яралганлигини ёзма манбалар ва архив ҳужжатлари исботлайди. Шу муносабат билан Самарқанд давлат университетининг Мирзо Улуғбек мадрасаси вориси сифатида шаклланганлигига 600 йил тўлишини республикада қизғин нишонлаш юзасидан бошланган ишлар хайрли ва буюк мақсадлар сари етаклайди.

Юқоридаги фикрлар Самарқанд Давлат университети Мирзо Улуғбек мадрасасининг вориси эканлиги ва унинг 600 йиллигини нишонлашга асос бўлади. Бу борада муаллифнинг фикрларига тўлиқ қўшилган ҳолда уни қўллаб қувватлаймиз.

Д. ЭГАМБЕРДИЕВА,
Германиянинг Лейбниц Қишлоқ хўжалиги
ландшафтларини ўрганиш тадқиқот
маркази етакчи мутахассиси.

3 350
ЎзА