ЎзА Ўзбек

11.07.2020 Чоп этиш версияси

СамДУ – менинг университетим, менинг фахрим

СамДУ – менинг университетим, менинг фахрим

Мен таҳсил олган Самарқанд Давлат университети (СамДУ) 600 ёшга тўлди. Бу шунчаки ҳавойи ифтихор эмас. Бунинг мустаҳкам илдизлари ва шонли тарихи бор. 

Самарқанд азалдан билимлар бешиги, дунё фозиллари орзу қилган муаззам кент ҳисобланади. Бу табаррук заминда туғилиб вояга етган, дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган қатор алломалар, олим-у фузалолар бор. Қолаверса, Самарқанд бундай маъмурликка ўз-ўзидан муносиб бўлиб қолмаган. Темурийлар даври ренессанси илм-фан ва маданият тамал тошини қўйган бўлса, Мирзо Улуғбек замонида бу кўҳна кентнинг довруғи давонлар олган. 

Ёш авлодни комил инсон этиб тарбиялаш, фозил одамлар шаҳрини барпо этиш орзуси ҳамиша боболарнинг бош маслаги бўлган. Шу маънода шаҳарда илм-фанга юксак даражада эътибор қаратилган. Ўзига хос илмий мактаблар, муҳит, зарур шарт-шароит мавжуд бўлгандагина етук салоҳият эгалари камол топади. Ҳудудда IX-X асрлардан бошлаб кўплаб мактаб-у мадрасалар фаолият кўрсатган экан, демак, тарихчи-олимлар, илм-фан намояндалари, халқаро экспертлари Самарқанд давлат университети тамал тоши ўрта асрларда қўйилган Мирзо Улуғбек мадрасайи олиясининг вориси эканини бежиз қайд этишмаяпти.

Шу вақтгача 1918 йилда иш бошлаган дорилфунун (Ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) мамлакатимиздаги илк олий таълим муассасаси сифатида кўрсатиб келинган. Самарқанд давлат университетининг таъсис этилиши эса 1927 йил деб қайд этилади. Аммо бу улкан дарахтнинг кўзга ташланиб турган қисми... 

Аслида эса Самарқанд давлат университети бир географик ҳудудда жойлашуви, тарихий-меъморий иншоотлар, асрлар оша бизгача етиб келган қўлёзмалар, нодир асарлар, маънавий муҳит, анъаналари, қадриятларига кўра, Самарқандда 1420 йилдан иш бошлаган Мирзо Улуғбек мадрасайи ¬олиясининг вориси экани ойдинлашди. Бу юртимиз тарихида фаолият кўрсатган олий мадрасалар бугунги кундаги олий таълим даргоҳларининг «аждоди» эди, деган фикрни беради. 

Тўғри, ўрта асрларда ҳар қандай ўқув маскани таълимининг асосини ислом таълимоти ташкил этган. Шу билан бирга, мадрасаларда дунёвий фанлар ҳам ўқитилганки, буни асло инкор этиб бўлмайди. Жумладан, Мирзо Улуғбек мадрасасида ислом таълимоти билан бирга, математика, астрономия, физика, кимё, геодезия, фармакология, тиббиёт, тарих, фалсафа, адабиёт каби ижтимоий-гуманитар, аниқ ва табиий фанларнинг ўқитилиши иккинчи Шарқ Ренессансининг вужудга келишига туртки бўлган.

Тарихчи олим, шоир Зайниддин Восифий ўзининг «Бадоэъ ул-вақоэъ» («Гўзал воқеалар») асарида Улуғбекнинг Самарқандда бино қилдирган мадрасайи олиясига мударрис тайинлаш билан боғлиқ бир лавҳани ¬тасвирлаган. Унда ёзилишича, ҳижрий 813, милодий 1420 йил куз фаслининг фараҳбахш куни мадраса қурилиши ниҳоясига етган. Ҳаммаёқ саранжом-саришта. Олимлар, толиби илмлар, қозию қуззот, сарой аҳли янги мадраса ҳовлисига жам бўлган. Барчани бу фирдавсмонанд мадрасанинг биринчи мударриси ким бўлиши масаласи қизиқтирар эди. Мирзо Улуғбек тўпланганларга мурожаат қилиб, «Ҳамма илмларда етукликка эришган киши мадрасанинг биринчи мударриси бўлсин», дейди. Шунда одамлар орасидан бир киши чиқиб «Мен имтиҳон топшираман», дея даъво қилади. У Мирзо Улуғбек раҳбарлигида 90 олим ва талаба ҳузурида Батлимуснинг (Клавдий Птоломей) «Ал-мажистий» асари бўйича имтиҳон дарси ўтади. Синовдан ниҳоятда юксак савияда ўтган бу инсон ўз даврининг етук олими ва мударриси Шамсиддин Муҳаммад Хавофий эди.

Шунга асосан, Мирзо Улуғбек мадрасасида дастлабки дарсни 1420 йил 21 сентябрда Шамсиддин Муҳаммад Хавофий ўқиган. Биринчи дарсда 90 нафар толиби илм қатнашган. Маърузада Мирзо Улуғбек ва Қозизода Румий ҳам ҳозир бўлишган.

Бу тарихий манба 1420 йил 21 сентябрда мадрасада ўқув йили бошланган экан, деган хулосага келишга асос бўлса не ажаб?

Хабарингиз бор, маданият, илм-фан, санъат ва адабиёт бешигига айланган ушбу олий даргоҳда Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий, Ғиёсиддин ал-Коший ва Али Қушчи каби етук олимлар фаолият олиб борган. Мирзо Улуғбек 1018 та юлдузнинг ҳолати ва жойлашуви баён қилинган астрономия жадвалини тузган. Ушбу асар астрономик ўлчовлар бўйича 16 аср давомида яратилган биринчи янги каталог эди. Ал-Коший биринчи бўлиб ўнлик касрларни илмий истеъмолга жорий этди, эркин даражалар илдизларининг изчил яқинлашиб бориши ва уларни топиш методларини ишлаб чиқди. Кейинчалик илмий муассасани тарк этишга мажбур бўлган Али Қушчи Истанбул университетининг асосчиларидан бирига айланди.

Мирзо Улуғбек мадрасайи олияси 500 йил давомида турли тарзда фаолият кўрсатиб, 1920 йилда унинг фаолияти мажбуран тўхтатилган. Аммо кейинчалик олий педагогика институти, педакадемия, сўнгра Ўзбек давлат университети, ҳозирда эса Самарқанд давлат университети сифатида янги давр, янги талаблар, янгича йўналишда ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Шуни инобатга олсак, 1420 йилдан бу ёғига мадрасайи олия фаолиятида муайян ижтимоий-сиёсий вазият ўзгаргани таъсирида бор-йўғи 7 йилгина, яъни 1920 – 1927 йиллардагина мажбурий танаффус бўлгани аёнлашади.

Тарихнинг рад этиб бўлмас бу ҳақиқати таълим тизимининг Самарқанд заминида узлуксиз давом этганига асос бўла олади ва Самарқанд давлат университетининг илмий-педагогик асослари ҳув ўша сиз-у биз ифтихор билан тилга оладиган Мирзо Улуғбек мадрасайи олияси тизимига бориб туташади. 

Барча соҳада бўлгани каби таълим тизимида ҳар ҳар бир даврнинг ўз ифтихорлари бўлади. Қадим Регистон майдонидаги Мирзо Улуғбек мадрасаи олияси, шак-шубҳасиз, Самарқанд дорилфунунининг «бешиги», унинг ташкилий асоси ва негизи, дедик. Ушбу «Алма-матер»да Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Али Қушчи, Мавлоно Нафис Самарқандий. Бадахший каби мавлонолар таҳсил олишган ва кейинчалик толиби илмларга сабоқ беришган бўлса, Мирзо Улуғбек астрономик мактабининг вакиллари Ғиёсиддин Коший, Жамшид ибн Маъсуд, Қозизода Румий, Али Қушчи Муҳаммад Хавофийлар мадраса дорилфунунда математика, астрономия, ҳисоблаш асослари, география каби дунёвий фанлардан дарс берганлар. Ушбу муаззам “илм-маърифат бешиги” замирида камол топган Самарқанд дорилфунунида эса бир неча юз минглаб. юқори малакали мутахассислар етишиб чиққан. Бинобарин Иброҳим Мўминов. Султон Умаров, Убай Орипов, Яхё Ғуломов, Аловуддин Баҳовуддинов, Воҳид Абдуллаев, Акбар Отахўжаев, Акобр Адҳамов, Тошпўлат Ширинқулов, Ботурхон Валихўжаев, Сайид Шермуҳаммедов, Шавкат Воҳидов, Толиб Мўминов, Mухсин Ашуров каби академик олимлар шулар жумласидандир. Ҳамид Олимжон, Уйғун, Миртемир, Усмон Носир, Ҳабиб Юсуфий, Шароф Рашидов, Асқад Мухтор каби ўнлаб ижодкорлар ҳамда давлат, маданият ва фан арбоблари мана шу университетда вояга етганлар. 

Бугунги кунда Самарқанд Давлат университетининг 14 та факультет ва 63 та кафедраларида 34 та таълим йуналиши ва 40 та магистратура мутахассислиги бўйича 13000 га яқин талабалар таҳсил олмоқда. Уларга 800 дан ортиқ профессор-ўқитувчилар, жумладан, 3 нафар ЎзФА академиклари, 81 нафар фан докторлари ва 311 нафар фан номзодлари таълим беришмоқда. 40 дан ортиқ мутахассисликлар бўйича фалсафа доктори (Phd) ва фан докторлиги (DSc.) докторантуралари, уларнинг ҳимоясини ўтказувчи 9 та илмий кенгашлар фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, олийгоҳ профессор ўқитувчиларининг саъй-ҳаракати, талабалар билан ҳамкорликда самарали иш олиб боришлари натижасида 14 та илмий мактаб шаклланган.

Университети таркибида 3 млн. дан ортик илмий ва ўқув адабиётлари, жумладан, 15 000га яқин нодир китоб ва шарқ қўлёзмалари мавжуд бўлган кутубхона ҳамда 3 та академик лицей, 4 та музей, 1та оранжерея, 2та ноёб қурилма фаолият юритмокда.

Таълим-тарбия жараёнини мунтазам ишлашини таъминлаш мақсадида “Самарқанд Давлат университети илмий ахборотномаси” илмий-услубий журнали ва “Самарқанд университети” газетаси даврий равишда чоп этилмоқда, ўқув ва илмий адабиётларни тахрир ва нашр қилувчи босмахона ишлаб турибди.

Мустақиллик йилларида университет талабаларидан 19 нафари Ўзбекистон Республикаси Президенти номидаги давлат стипедиялари, 98 нафари эса атоқли шахслар номидаги давлат стипендияларини, 9 нафар талаба эса “Зулфия” номидаги давлат мукофоти олишга сазовор бўлишган. 7 нафар талаба жаҳон чемпиони, 57 нафар талабалар Осиё чемпиони, 170 нафардан ортиқ талаба Ўзбекистон чемпиони, 300 нафардан ортиқ талабалар универсиада чемпиони ва совриндорлари бўлишган. 

Университет профессор-ўқитувчилардан 1 нафари “Буюк хизматлари учун”, 5 нафари “Эл-юрт ҳурмати”, 5 нафари “Меҳнат шуҳрати” орденлари, 3 нафари “Шуҳрат” медали билан тақдирланган, 3 нафари “Ўзбекистон фан арбоби” ва 6 нафари “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” унвонларини олишган.

Мен ҳам мана шундай муқаддас олийгоҳда таҳлис олганимдан ўзимни бахтиёр ҳис этаман! Университет том маънода ҳаётимда бурилиш ясади. Бу даргоҳда олинган таълим, устозлар заҳмати ижодкор бўлиб етишишимда, китобхонлар эътиборига тушишимда муҳим аҳамият касб этди. Мен илк ҳикоямни шу даргоҳда ўқиётган кезларим – талабалик давримда қоғозга туширдим ва йиллар ўтгани сайин Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов, Тоҳир Малик, улар билан бир қаторда Улуғбек Ҳамдам, Собир Ўнар, Луқмон Бўрихон, Қўчқор Норқобил, Исажон Султон, Абдуқаюм Йўлдош каби асримизнинг қатор етакчи адиблари эътиборини қозондим. Қисса ва ҳикоялардан иборат “Ой ботмаган кечалар”, “Қанотсиз қушлар”, “Номус ва ҳаёт” номли китобларим нашр этилди, адабий даврада дўстлар орттирдим, сўз сеҳрини, сўз қудратини чуқурроқ ҳис этдим. Бу менинг бахтим деб айта оламан!

СамДУ – менинг университетим, менинг фахрим! 

Холиёр Сафаров, 
“Ўзбекистон тарихи” телеканали катта муҳаррири

7 059